date
views 2 727

Элдор Шомуродов: “Бу сафар хато қилишга ҳаққимиз йўқ” (видео)

Элдор Шомуродов: “Бу сафар хато қилишга ҳаққимиз йўқ” (видео)
Бугундан бошлаб Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичидаги ҳал қилувчи ўйинлар олдидан навбатдаги йиғинини бошлади. Қайд этиш жоиз, “оқ бўрилар” 5 июнь куни сафарда БААга қарши муҳим баҳсда майдонга тушади.

Терма жамоамиз сардори ва етакчи ҳужумчиси Элдор Шомуродов бу ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, жамоа кайфияти юқори, ўйинга руҳий ва жисмоний жиҳатдан тўлиқ тайёргарлик кетмоқда.

— Ҳозир жамоада кайфият аъло даражада. Ҳеч қандай босим ҳис қилмаяпмиз. Бугун йиғинни бошладик, Худо хоҳласа, яқин кунларда Дубайга йўл оламиз ва асосий тайёргарликни ўша ерда олиб борамиз.

Ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Биздан нималар талаб этилаётганини яхши биламиз. Қандай рақиб ва қандай шароит кутяпти — барчасидан хабардормиз. Бундай ўйин олдидан алоҳида мотивация ҳам шарт эмас деб ўйлайман, — деди Шомуродов.

Элдор шахсий ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди ва муҳими — ўзини жисмонан тўлиқ тайёр ҳис қилаётганини маълум қилди:

— Худога шукр, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Жангга 100 фоиз тайёрман. Ҳали олдимизда бир ҳафта вақт бор, шу вақтда тайёргарликни максимал даражада амалга оширамиз. Иссиқ об-ҳавога мослашиш осон бўлмайди, лекин бу ҳам биз учун баҳона бўлолмайди.

Жаҳон чемпионатига чиқиш орзуси нафақат менда, балки бутун жамоада бор. Бу нафақат футболчиларнинг, балки бутун Ўзбекистон халқи орзуси. Биз яхши биламизки, бу сафар хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Бу ўйинда нафақат маҳорат, балки ирода ва садоқат ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, 9-тур доирасидаги БАА – Ўзбекистон учрашуви 5 июнь куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади. Ушбу беллашувда ғалаба қозониш орқали терма жамоамиз мундиалга йўлланма масаласини олдиндан ҳал этиши мумкин.

Тимур Кападзе эса 26 май куни ушбу йиғин учун жалб қилинган футболчилар рўйхатини эълон қилган. Ҳозирда жамоа тўлиқ таркибда йиғин режасига мувофиқ тайёргарликни бошлаб юборди. Олдимиздаги кунлар мамлакат футбол тарихи учун муҳим синов бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: “Бу сафар хато қилишга ҳаққимиз йўқ” (видео)