
«Барселона»нинг бразилиялик юлдузи Рафиньяга ўзи орзу қилган клубга ўтишидан олдин ҳам дунёнинг энг кучли чемпионатларидан жиддий таклифлар бўлган. Бу ҳақда футболчи журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда самимий иқрор этди.
Журналист томонидан берилган саволда: «Барса»га келишингиздан аввал ҳам ҳар йили Англия Премьер-лигаси ва Саудия Арабистонининг катта клубларидан жиддий ва юқори даражадаги таклифлар олиб турганмисиз?" деб сўралганди. Бунга жавобан Рафинья: «Ҳа, бу ҳақиқат. Бундай жиддий таклифлар олишим менинг даражам юқори эканини кўрсатади. Агар футболчи юқори савияда ўйнамаса, АПЛнинг катта клублари ёки бошқа дунёга машҳур жамоалар унга таклиф бермайди. Лекин мен учун бундай таклифларни қабул қилиш эмас, балки «Барселона» футболчиси бўлиш муҳимроқ эди», – дея таъкидлади.
Рафинья «Барселона»га келиши тасодифий қарор эмаслигини, аксинча, болаликдан бу клубни юрагидан яхши кўриб келганлигини айтди. У ёшлигидан «Барселона»нинг ўйинларини мунтазам кузатиб борган, ўз ватандошлари бўлган Роналдиньо ва Неймарнинг ажойиб ўйинларини завқ билан томоша қилган. Шунингдек, футболчи «Барса»нинг бой тарихи, кўплаб ғалабалари, фантастик муҳити ва мухлисларининг жўшқинлигидан доим таъсирланганини таъкидлаб ўтди.
«Мен учун «Барселона»да ўйнаш болаликдан бошлаб орзу эди. Бу шаҳарда ва клубнинг афсонавий стадиони Камп Ноуда аввал ҳам бўлганман ва ҳар сафар шу муҳитга муҳаббатим янада ортаверди. Орзуларимнинг энг каттаси — бу клубда ўйнаш ва ўз номимни унинг афсонавий тарихи саҳифаларига ёзиш эди», – дейди футболчи.
Рафинья бошқа машҳур клубларнинг таклифларидан воз кечганининг сабабини ҳам айтиб ўтди: «Ҳар бир футболчига турли таклифлар бўлади, лекин мен учун асосийси пул ёки бошқа манфаатлар эмас, орзуларимни амалга ошириш эди. «Барселона»нинг либосини кийиш, ўз мухлисларим олдида майдонга чиқиш ва дунёдаги энг яхши футболчилар билан бирга ўйнаш — бу менинг бутун ҳаётимда интилиб келган мақсадим эди».
Шу билан бирга, Рафинья бу қарорни қабул қилиш осон бўлмаганини ҳам қайд этди: «Бу қарор катта жасорат талаб қиларди, чунки мен бошқа катта клубларда ҳам яхши шартномалар тузишим мумкин эди. Аммо мен қалбимга қулоқ тутдим ва «Барса»ни танладим. Бу танловимдан афсусланмайман ва ҳар куни бу жамоада эканлигимдан завқланаман».
Бугунги кунда «Барселона»нинг асосий футболчиларидан бирига айланган Рафинья ўз ўйинлари билан мухлисларни қувонтиришда давом этмоқда. Унинг бу самимий иқрори жамоа мухлисларини янада кўпроқ ҳаяжонлантириб, клубга бўлган муҳаббатни янада оширгани аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар