date
views 1 237

Бугун финал: ПСЖ тарих яратмоқчи, "Интер" тожини қайтармоқчи

Бугун финал: ПСЖ тарих яратмоқчи, "Интер" тожини қайтармоқчи
Бугун, 31 май санасида, бутун футбол оламида диққат марказида турган ўйин — UEFA Чемпионлар лигасининг 2024/25 мавсуми финали бўлиб ўтади. Европа клуб футболининг энг олий синови саналган ушбу беллашувда Франциянинг “Пари Сен-Жермен” (ПСЖ) ва Италиянинг “Интер” жамоалари чемпионлик учун майдонга тушишади.

Финалга йўл: икки қарама-қарши манзил

ПСЖ ўз тарихида иккинчи бор ЕЧЛ финалига йўл олди. Илк бор 2020 йилда “Бавария”га ютқазган парижликлар бу сафар тақдирни ўз қўлига олиб, илк бор Европа тоҷини қўлга киритишни мақсад қилмоқда. Жамоа ушбу мавсумда плей-офф босқичида ажойиб ўйинлар намойиш этиб, “Ливерпуль”, “Астон Вилла” ва “Арсенал” каби Англиянинг кучли клубларини мағлуб этган ҳолда финалга йўл олди.

Бошқа томонда эса — тарих ва тажриба. “Интер” Чемпионлар лигасида еттинчи финалига чиқмоқда. Миланликлар охирги бор 2010 йилда Жозе Моуриньо қўл остида ушбу мусобақани ютган эди. Бу мавсумда “Интер” ўзининг қадимий кучини тиклаб, “Бавария” ва “Барселона”ни мағлуб этди. Улар тўртинчи бор ЕЧЛ тожини бошларига кийиш ниятида.

Финал тафсилотлари:

Стадион: “Аллианц Арена”, Мюнхен (Германия)

Бошланиш вақти: 23:00 (Тошкент вақти)

Ҳакам: Иштван Ковач (Руминия)

Мазкур ўйин ПСЖ ва “Интер” ўртасида ЕЧЛ доирасидаги илк тўқнашув ҳисобланади. Шу боисдан, икки жамоа ҳам тарихга янги саҳифа ёзиш учун майдонга чиқишади.

Кимни тарих кутмоқда?

Бир томонда ўз мамлакатининг молиявий ва юлдузлар жиҳатидан энг бақувват жамоаси — ПСЖ, бошқа тарафда эса мувозанат, интизом ва анъаналарга содиқ “Интер” жамоаси. Парижликлар учун бу финал ўзини “Европа элитаси”даги реал гранд сифатида намоён этиш имкони. Миланликлар учун эса бу – забт этилган тожни қайта эгаллаш ва ўз нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим синов.

Футбол мухлислари бу кеча футбол тарихи янгиланишига гувоҳ бўлишади. Қайси жамоа шон-шуҳрат поғонасидан жой олади — ПСЖнинг интиқликда кутилган ғалабасими ёки “Интер”нинг қайта порлашими? Жавобини кечаси 23:00да оламиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугун финал: ПСЖ тарих яратмоқчи, "Интер" тожини қайтармоқчи