
Собиқ “Интер” бош мураббийи Симоне Инзаги расман Саудия Арабистонининг етакчи клубларидан бири — “Ал-Ҳилол” билан шартнома имзолаб, янги мураббий сифатида иш бошлади. У тайинловдан сўнг клуб матбуот хизмати орқали ўз фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Энг аввало, янги босқични бошлаётганимдан жуда мамнунман. Хорижда мураббий сифатида ишлаш — менинг орзуларимдан бири бўлган. Энди эса буни амалга ошираётганимдан бахтиёрман,” — деди Инзаги.
Италиялик мутахассис Саудия футболига бегона эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳам “Лацио”, ҳам “Интер” сафида араб жамоаларига қарши бир неча бор ўйнаган. Шу сабаб “Ал-Ҳилол”нинг мавқеи ва Саудия чемпионатидаги рақобат муҳитини яхши билишига ишонч билдирди.
“Ал-Ҳилол” менга яқин клублардан бири. Уларни анча вақтдан бери ҳурмат билан кузатиб келаман. Айниқса, жамоа таркибида мен “Лацио”да ишлаган пайтимдаги шогирдим — Сергей Милинкович-Савич бор. У билан яна бир жамоада бирлашганим мен учун қувонарли ҳолат,” — дея қўшимча қилди мураббий.
Симоне Инзагининг “Ал-Ҳилол”даги фаолияти нафақат Саудия футболи, балки бутун минтақадаги клублар мураббийлик даражасини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Унинг халқаро тажрибаси, стратегик қарашлари ва талабчанлиги “Ал-Ҳилол”ни янги муваффақиятлар сари бошлаши мумкин.
Футбол олами эса Инзагининг дебютини, айниқса “Реал Мадрид”га қарши бўладиган илк расмий ўйинини сабрсизлик билан кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар