date
views 1 809

«Манчестер Сити» яна бир юлдуз трансферини амалга оширди!

«Манчестер Сити» яна бир юлдуз трансферини амалга оширди!
Англиянинг амалдаги чемпиони «Манчестер Сити» таркибини янада кучайтиришни давом эттирмоқда. «Шаҳарликлар» бу сафар Англия Премьер-лигасининг энг умидли ҳимоячиларидан бири – Раян Аит-Нурининг трансферини амалга оширишга қарор қилди. Бу ҳақда машҳур футбол инсайдери Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, "Манчестер Сити" ва "Вулверхэмптон" клублари раҳбарияти футболчининг трансфер суммаси бўйича ўзаро келишувга эришган. Битимнинг умумий қиймати тахминан 40 миллион еврони ташкил этиши айтилмоқда. Шу ҳафта охирида ёш футболчи Манчестер шаҳрида тиббий кўрикдан ўтади ва расмий шартномага имзо чекиши режалаштирилган.

Франциялик 23 ёшли футболчи учун бу трансфер унинг карьерасидаги муҳим қадам ҳисобланади. Аит-Нури чап қанот ҳимоячиси сифатида фаолият юритади ва Англия Премьер-лигасида ўтган мавсумдаги ажойиб ўйинлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортишга муваффақ бўлган эди. Жумладан, 2024/25 мавсумида у "бўрилар" сафида 37 учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол уриш ва 7 та голли узатма амалга ошириш орқали жамоасининг энг муҳим футболчиларидан бирига айланган.

Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити» учун Аит-Нурининг трансфери жамоанинг ҳимоя чизиғини янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Клуб бу орқали чап қанот ҳимоясидаги рақобатни ошириб, янги мавсум олдидан асосий таркиб учун янада сифатли танловга эга бўлади.

Айни пайтда «Манчестер Сити»нинг таркибида бир қатор юқори даражадаги футболчилар борлиги инобатга олинса, Раян учун бу жамоага мослашиш ҳамда доимий таркибда жой олиш учун жиддий рақобат бўлиши табиий. Лекин унинг иқтидори ва сўнгги мавсумдаги муваффақиятлари бу муаммони осонликча енгиб ўтишига ишонч уйғотади.

Ушбу трансфер яқин кунларда расман эълон қилиниши кутилмоқда. "Манчестер Сити"нинг янги мавсум олдидан жамоани янада кучайтириш йўлидаги бу қадами мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Манчестер Сити» яна бир юлдуз трансферини амалга оширди!