
Англия Премьер-лигасида натижалар қониқарсиз бўлган “Тоттенхэм” Лондон клуби Европа майдонида ўз сўзини айтди — Анге Постекоглу бошчилигида Европа лигаси бош совринини қўлга киритди ва келаси мавсум Чемпионлар лигасида иштирок этадиган бўлди. Аммо шу муваффақиятга қарамасдан, клуб раҳбарияти оғриқли қарор қабул қилди: Австралиялик мураббий лавозимидан озод этилди.
Бу ҳақда “Тоттенхэм”нинг расмий сайти орқали маълум қилинди. Расмий баёнотда келтирилишича, мураббийнинг иш фаолияти ва жамоа натижалари тўлиқ таҳлил қилинган ва клуб манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўзгариш зарур, деган хулосага келинган.
– Ангелосдан клубга қўшган ҳиссаси учун миннатдормиз. У икки йил мобайнида мустаҳкам пойдевор яратиб берди. Европа мусобақасидаги ғалабаси билан у “Тоттенхэм” тарихида Билл Николсон ва Кит Беркиншоу каби буюк мураббийлар қаторидан жой олди. Лекин келажак ривож ва барқарорлик учун бошқарувда ўзгариш зарур, – дейилади клуб баёнотида.
Шунингдек, баёнотда қайд этилишича, бу қарор шошма-шошарлик билан эмас, балки теран таҳлил ва мулоҳазадан сўнг қабул қилинган. Ҳозирда жамоа ёш ва иқтидорли таркибга эга, ва клуб янги мураббий қўл остида янада юқори мақсадлар сари интилишни режалаштирмоқда.
Постекоглу клубни Европа Лигаси ғолиблигига етаклаб, жамоага йирик ютуқни совға қилди. Бироқ Премьер-лигадаги беқарор натижалар, айниқса кучли тўртликдан ташқарида қолиш, клуб раҳбарияти учун ҳал қилувчи омил бўлди.
Янги бош мураббий ким бўлиши ҳозирча маълум эмас. Бу борада қарор тегишли ички муҳокамалар ва расмий учрашувлардан сўнг эълон қилинади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар