
Яқин Шарқдаги сиёсий ва ҳарбий кескинлик футбол оламига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ортидан FIFA томонидан Исроил клубларида тўп сураётган легионерларга жуда муҳим қарор чиқарилиши мумкин.
Euro-Football ва The One манбалари хабар беришича, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Исроилда тўп сураётган чет эллик футболчиларга ҳеч қандай компенсациясиз клубни тарк этишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Агар қарор расман қабул қилинса, футболчилар шартномани бир томонлама бекор қилиб, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мамлакатни тарк этишлари мумкин бўлади.
Бу масалада аллақачон амалий ҳолатлар кузатилмоқда. Исроилнинг Beeр-Шева шаҳридаги “Ҳапоэл” клуби сафида ҳаракат қилган португалиялик ярим ҳимоячи Юри Медейруш клубни тарк этди. Унинг сўзларига кўра, минтақадаги хавфли вазият унинг шахсий хавфсизлигига таҳдид солмоқда ва бу уни кетиш қарорини қабул қилишга мажбур қилган.
Худди шундай ҳолат “Ҳапоэл Ҳаифа” клубида ҳам рўй берди. Клуб билан шартнома тузган яна бир португал футболчиси — Робиню Исроилга учиб келмасликка қарор қилди ва жамоага умуман қўшилмади.
Аслида FIFA бундан аввал ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қилган. 2022 йилда Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланганида, FIFA Россия клубларида тўп сураётган легионерларга ҳам шундай имтиёз берган эди. Улар клублар билан шартномаларини бир томонлама бекор қилишлари мумкин бўлган ва бу ҳолат кўплаб футболчилар учун қонуний чиқиш йўли бўлган.
Исроил клублари ҳозирча халқаро мусобақалардан четлатилмади. Бу уларнинг Европа Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси ёки Конференциялар Лигасида иштирок этишига ҳозирча тўсқинлик қилмайди. Аммо агар вазият янада ёмонлашса, UEFA ва FIFA томонидан қўшимча чекловлар жорий этилиши эҳтимолдан холи эмас.
Хулоса қилиб айтганда, спорт ва сиёсат яна бир бор тўқнаш келмоқда. Урушлар, можаролар ва хавфсизлик муаммолари футболчиларни ўйиндан кўра ҳаёт ҳақида кўпроқ ўйлашга мажбур қилмоқда. FIFA эса бу каби мураккаб шароитларда спортчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давом эттирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар