date

Ҳусанов учун тарихий кунда "Ман Сити" "Ал Айн"ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ҳусанов учун тарихий кунда "Ман Сити" "Ал Айн"ни йирик ҳисобда мағлуб этди
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2-туридан ўрин олган "Манчестер Сити" – "Ал-Айн" учрашуви мухлислар учун ҳақиқий голлар спектаклига айланди. Хосеп Гвардиола шогирдлари рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда 6:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритишди.

Учрашувнинг илк дақиқаларидаёқ “шаҳарликлар” ўз устунлигини намоён этди. 8-дақиқада Илкай Гюндоган рақиб жарима майдонида пайдо бўлиб, ҳисобни очди. 27-дақиқада эса ёш аргентиналик иқтидор эгаси Клаудио Эчеверри иккинчи голни уриб, рақибни сескантириб қўйди.

Бўлимнинг якунланишига яқин, 45-дақиқада Эрлинг Холанд пенальтидан мукаммал зарба йўллаб, ҳисобни 3:0га етказди ва “Сити”ни оромгоҳга ишончли устунлик билан олиб кирди.

Иккинчи таймда ҳам манзара ўзгармади – “Манчестер Сити” ҳужумда фаол бўлишда давом этди. 70-дақиқада яна бир бор Илкай Гюндоган ўз номини таблога ёздириб, дубль қайд этди. Унинг ўйиндаги ҳаракатлари жамоа учун қандай аҳамият касб этишини яна бир бор намоён қилди.

Орадан кўп ўтмай, 84-дақиқада захирадан майдонга тушган Оскар Бобб ҳам ўз ҳиссасини қўшди – бу унинг жаҳон чемпионатидаги илк голи бўлди. Якуний зарба эса 89-дақиқада жамоага ёзда келиб қўшилган Райан Шеркидан келди – у ҳам ўз дебютини гол билан нишонлади.

Мухлислар учун энг қувонарлиси эса — миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибда майдонга тушгани бўлди. 61 дақиқа давомида самарали ҳаракат қилган Ҳусанов сариқ карточка олган бўлса-да, ўзини яхши томонлама кўрсатди. У клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди.

Бу ғалаба орқали “Манчестер Сити” 6 очко жамғариб, гуруҳда 2-ўринни эгаллади. 3-турда эса уларни гуруҳдаги биринчи ўрин учун “Ювентус”га қарши муҳим тўқнашув кутмоқда. Голлар фестивали давом этадими — мухлислар шиддатли баҳсни сабрсизлик билан кутмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусанов учун тарихий кунда "Ман Сити" "Ал Айн"ни йирик ҳисобда мағлуб этди