date

"Навбаҳор"да раҳбарлар алмашди: янги етакчилар жамоада қандай ўзгаришлар қилади?

"Навбаҳор"да раҳбарлар алмашди: янги етакчилар жамоада қандай ўзгаришлар қилади?
Кеча Наманган шаҳар, Давлатобод туманида жойлашган "Марказий" стадион катта футбол анжуманига гувоҳлик қилди. "Навбаҳор"нинг уй учрашувлари ўтадиган ушбу тарихий аренада навбатдаги муҳим ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов шахсан иштирок этиб, клуб ҳаётидаги муҳим ўзгаришларни эълон қилди. Йиғилишнинг асосий мавзуси — "Навбаҳор" клубидаги раҳбарият алмашинуви бўлди.

Таъкидлаш жоиз, шу кунгача “Навбаҳор” ПФК вице-президенти лавозимида фаолият юритган Отабек Арифович Саматов эндиликда клубнинг муҳим бўғини — “Навбаҳор” футбол академияси бошқарув тизимига ўтказилди. У энди клуб селекцияси — иқтидорли ёш футболчиларни саралаб, асосий жамоага тайёрлаш ишлари билан бевосита шуғулланади.

Анжуманда яна бир қатор катта янгиликлар маълум қилинди. Яъни, Наманган шаҳар Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев “Навбаҳор” ПФК президенти этиб тайинланди. Бундан ташқари, Наманган вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Акрамжон Дедабаев клуб вице-президенти лавозимини эгаллади.

Вилоят ҳокими янги раҳбарларга футболдаги фаолиятида улкан муваффақият ва омад тилаб, “Навбаҳор” клубининг янги раҳбариятидан янги муваффақиятлар, ёшларга эътибор, селекция ишларида илғор ёндашув кутаётганини қайд этди.

Мазкур йиғилишда клуб учун стратегик қарорлар қабул қилинди, раҳбариятдаги янгиланишлар жамоа олдида турган вазифаларни янада самарали бажаришга хизмат қилади, деган умид билдирилди. Мухлислар эса янги раҳбариятдан “Навбаҳор”нинг юқори марралар сари интилишини, янги истеъдодларни кашф этишни кутиб қолмоқда.

Шундай қилиб, Наманган футболининг шарафли клуби “Навбаҳор”да катта ўзгаришлар бошланди. Янги раҳбарият ва селекция бўлимига катта ишонч ва мухлислар эътибори қаратилди. Клубнинг келажакдаги қадамлари мухлислар учун янада қизиқарли бўлиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Навбаҳор"да раҳбарлар алмашди: янги етакчилар жамоада қандай ўзгаришлар қилади?