
Мадриднинг “Реал” клуби юлдуз футболчиси Винисиус Жуниор билан янги шартнома борасида музокара олиб бораётганди. Бироқ, Испаниядаги нуфузли El Chiringuito нашри маълум қилишича, томонлар ҳозирча тўлиқ келишувга эриша олмаган. Бу ҳолат “қироллик клуби” мухлисларини жиддий ўйга солмоқда.
Манбаларга кўра, “Реал” раҳбарияти ва футболчи томони янги битим шартлари, хусусан, маош ва муддат масаласида бир фикрга кела олмаган. Агар барча тафсилотлар бўйича якка қарорга келинса, Винисиус Жуниор клуб тарихидаги энг кўп маош оладиган футболчига айланиши мумкин. Янги шартнома 2030 йилгача мўлжалланган бўлиши кутилмоқда.
Олдинроқ ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, Винисиусга йиллик 20 миллион евро атрофида маош таклиф этилган ва бу кўрсаткич ҳар мавсумда аста-секин ошиб бориши мумкин. Бу рақам уни нафақат клуб, балки бутун Ла Лигадаги энг даромадли ўйинчилардан бирига айлантириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
“Фламенго”дан Европанинг юрагига
Маълумки, Винисиус 2018 йили Бразилиянинг “Фламенго” клубидан 45 миллион евро эвазига Мадридга келиб қўшилган. Унинг жамоадаги илк мавсумлари танқидчилар учун баҳсли кечган бўлса-да, кейинчалик у “Реал” таркибининг ажралмас қисмига айланди. Жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятларида унинг ҳиссаси катта.
Якунланган мавсум натижаларига назар ташласак, Винисиус Ла Лига доирасида 30 та учрашувда қатнашиб, 11 та гол ва 10 та ассист қайд этган. Бу эса уни ҳужумдаги самарадорлиги ва универсаллигини яққол намоён этмоқда. Transfermarkt портали эса бразилиялик юлдузни 170 миллион еврога баҳоламоқда — бу рақам уни дунёдаги энг қимматбаҳо футболчилар қаторига қўшади.
Қолишми ёки кетишми?
Ҳозирги кунда Винисиуснинг амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнгача амал қилади. Аммо клуб раҳбарияти уни яна камида 3 йилга ушлаб қолишни, айни пайтда футболчи ҳам ўз мавқеини яхшилашни истамоқда. Бу ўринда икки томоннинг ҳам манфаатлари юзасидан ўзаро эҳтиросли тортишув кечаётганини тахмин қилиш қийин эмас.
“Реал” мухлислари эса кутмоқда: Винисиус қоладими ёки Европа футбол бозоридаги навбатдаги сенсацион трансферга айланадими? Қолаверса, Килиан Мбаппе келганидан кейинги тактик ўзгаришлар ҳам Винисиус келажагига таъсир ўтказиши мумкин.
Якунда таъкидлаш керакки, Винисиус Жуниорнинг клубдаги қолиши ёки кетиши “Реал”нинг келгуси йиллардаги стратегияси, молиявий имкониятлари ва чемпионлик амбицияларига бевосита боғлиқ. Ҳозирча эса музокаралар давом этмоқда ва барчасини вақт ҳал этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар