
Футбол оламида катта қизиқиш уйғотаётган хабарлардан бири аниқланди – Поль Погба расман “Монако” клуби аъзосига айланди. Франциялик ярим ҳимоячи икки йиллик шартнома асосида князлик клуби сафини тўлдирди. У жамоага эркин агент сифатида келиб қўшилди.
“Ювентус” сафидаги иккинчи фаолияти Погба учун кутилмаган ҳолатлар ва жароҳатлар билан тўлди. Аммо унинг фаолиятидаги энг оғир нуқта шубҳасиз – 2023 йилдаги допинг жанжали бўлди. Организмидан тақиқланган моддалар аниқлангач, у дисквалификация қилинди ва шу пайтгача футболдан четда қолди. Расмий майдонда у сўнгги марта 2023 йил сентябрь ойида кўринган эди.
Энди эса у ўз юртига, Францияга қайтди. Бу унинг “Ювентус”дан кейинги навбатдаги имконияти. “Монако” эса унинг ривожи учун янги саҳна бўлиши мумкин. Клуб раҳбарияти Погбадаги тажриба ва ўйин назоратига ишонмоқда. Агар у ўтмишдаги даражасига қайта олса, “Монако” учун муҳим таянч фигурага айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Погба учун бу трансфер нафақат янги спорт йўналиши, балки шахсий ривож нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Сабаб – у катта босим, танқидлар ва хатолардан кейин ўзини қайта исботлаш имкониятини қўлга киритди. У энди янги саҳифа очмоқда ва мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам унинг бу сафар қандай Погба бўлиб намоён бўлишини кузатишади.
“Монако” жамоаси сўнгги мавсумларда ёшлар ва тажрибали футболчилар ўртасида мувозанат яратишга уринмоқда. Погбанинг келиши бу йўналишдаги стратегияга тўғри келади. Унинг жамоага қўшилиши билан “Монако”нинг ўйин маркази янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Погба нафақат Франция футболи, балки бутун Европа футбол муҳити учун муҳим шахс саналади. Энди унинг навбатдаги синови – “Монако” сафидаги ривож ва ўзини қайта спорт элитасига қайтариш бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар