
Игорь Шквирин — ўз вақтида “Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўйинлари билан мухлислар хотирасида қолган ҳужумчи. У “Финт Тураева” подкастида катта футболга оид эшитилмаган ҳақиқатлардан бир қисмини ошкор қилди.
Шквирин ўз сўзларига кўра, бир неча бор Европа клубларидан таклиф олган, аммо турли сабабларга кўра, ушбу имкониятлар амалга ошмай қолган. Унинг эътирофича, бу қарорлар баъзи пайтларда унинг ўзи учун фойдага ишлаган.
— Мен “Алания” клубида асосий таркибда ҳаракат қилар эдим. Бир куни Бельгиянинг “Локерен” жамоаси таклиф билан чиқди. Кичкина шаҳарчада жойлашган ушбу клубга бориб, учта ўртоқлик ўйинида иштирок этдим. Ҳар бир беллашувда гол урдим, — деб эслайди Шквирин.
Бироқ натижаларга қарамасдан, клуб унинг хизматидан бош тортган. Сабаби эса ўзи ҳам кутмаган ҳолда айтилган:
— Мураббий мени жамоага олмаслигини билдирди. Ажабланарлиси, у менга: “Сен жуда ҳам техниксан”, деди. Ваҳоланки, мен ҳеч қачон ўта техник ўйинчи бўлмаганман. Бу рад этишнинг "юмоқ" сабаби эди, деб ўйлайман. Балки, ўша лавозимда ўйнайдиган ўз футболчиси бўлган, — дейди у кулиб.
Шквирин фақат Бельгия билан чекланиб қолмаган. У Австрияда ҳам ўз кучини синаб кўрган. Аммо у ерда молиявий омиллар таъсир қилган:
— “Форвертс” клубида иккита ўйин ўтказдим ва иккита гол урдим. Молиявий шартларни кўриб чиқдим, кейин дўконларга кириб, ҳаёт қандай қиммат эканини кўрдим. Бу ерда маошдан ҳеч нарса қолмаслигини англаб етдим, — деб қўшимча қилди у.
Шу тариқа, Европанинг машҳур майдонлари орзуси ушалмади. Лекин Шквирин буни афсус билан эмас, балки ҳаётда тўғри қарор қабул қилган одам сифатида ёдга олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, подкастнинг тўлиқ версиясини рус тилида қуйида томоша қилишингиз мумкин. Унда Шквирин яна кўплаб қизиқарли воқеаларни баён қилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар