date

Абдуқодир Ҳусанов Англияда энг тезкор футболчилар қаторида!

Абдуқодир Ҳусанов Англияда энг тезкор футболчилар қаторида!
Англия Премьер-лигасида ўз номи билан тарихга кирган Абдуқодир Ҳусанов нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки бутун футбол дунёси эътиборини тортмоқда. Бу 21 ёшли марказий ҳимоячи “Манчестер Сити” сафида тўп сурмоқда ва бунинг ўзиёқ катта воқеа. Энди эса у яна бир муваффақиятга эришди — Премьер-лигадаги энг тезкор футболчилар ўнлигига кирди!

Metropoles манбасига таяниб хабар берилишича, “Ноттингем Форест”га қарши ўйинда Ҳусанов соатига 36,29 километр тезликда югуришга эришган. Бу натижа уни Микки ван де Вен, Антони Эланга, Эрлинг Холанд каби юлдузлар қаторига қўшди.

Бу — нафақат шахсий, балки миллий ютуқ ҳам. Чунки бугунги кунда Абдуқодир Ҳусанов — Англия чемпионатида тўп сурган биринчи ўзбек футболчиси сифатида ўз номини ёзиб қўйган. Унинг жисмоний тайёргарлиги, майдондаги таҳлил қобилияти ва рақиб ҳаракатларини олдиндан сеза билиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти.

“Манчестер Сити” расмий сайти ҳам футболчининг юқори салоҳиятини алоҳида таъкидлади:
– Абдуқодир Ҳусанов жамоа сафида 10 та ўйин ўтказди ва битта гол урди. “Челси”га қарши дебют ўйинида ҳаяжонли бўлса-да, кейинги баҳсларда ўзини тўлиқ намоён этди. У хавфни дарҳол англаб етади ва ҳужумларга тезкор жавоб қайтара олади. Янги мавсумда асосий таркибда кўпроқ имконият олиши кутиляпти, – деб ёзди mancity.com.

Англия Премьер-лигасида энг юқори тезлик қайд этган футболчилар рейтингининг тўлиқ рўйхати қуйидагича:

1. Микки ван де Вен (“Тоттенхэм”) — 37,12 км/с
2. Антони Эланга (“Ньюкасл” / “Ноттингем Форест”) — 36,65 км/с
3. Брайан Мбёмо (“Брентфорд”) — 36,65 км/с
4. Карлуш Боржеш (“Вулверхэмптон” / “Аякс”) — 36,58 км/с
5. Янкуба Минте (“Брайтон”) — 36,40 км/с
6. Вильсон Одобер (“Тоттенхэм”) — 36,36 км/с
7. Абдуқодир Ҳусанов (“Манчестер Сити”) — 36,29 км/с
8. Антони Эланга (иккинчи бор) — 36,22 км/с
9. Эммануэль Агбаду («Вулверхэмптон») — 36,14 км/с
10. Эрлинг Холанд (“Манчестер Сити”) — 36,00 км/с

Бундай натижалар шунчаки эмас. Улар ортида тинимсиз меҳнат, машғулотларга садоқат ва жамоага бўлган муҳаббат ётади. Ҳусановнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир югуриши — Ватан шарафини майдонда ҳимоя қилишнинг ёрқин намунасидир.

Шубҳа йўқки, Абдуқодир Ҳусанов янги мавсумда ҳам катта саҳнада янада порлаб, яна кўплаб ютуқларга эришади. Ўзбекистонлик мухлислар эса унинг ҳар бир қадамини фахр билан кузатишда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов Англияда энг тезкор футболчилар қаторида!