
Англия Премьер-лигасининг янги мавсуми янада қизиқарли бўлиши, чемпионлик учун кураш юқори чўққига чиқиши кутилмоқда. Англиялик таҳлилчилар янги чемпионатнинг асосий даъвогарлари сифатида амалдаги чемпион “Ливерпуль” ҳамда яна тахтни қайтариш ниятидаги “Манчестер Сити”ни тилга олишмоқда.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган manchestercity.news портали мухлислар учун қизиқарли таҳлилни эълон қилди. Унда “Ливерпуль” сафига қўшилиши кутилган маҳоратли ҳужумчини тўхтатишда Гвардиола айнан ўзбек футболчиси ёрдамига суянишини таъкидланган.
- Агар “Ливерпуль” мақсадини амалга ошириб, “Ньюкасл” ҳужумчиси Александр Исаакни қўлга киритса, мутахассислар назарида Арне Слот шогирдлари янги мавсумда ҳам Премьер-лига ғолиблигига асосий номзодга айланади.
“Ливерпуль” ўтган чемпионатда 23 та гол киритган швед ҳужумчиси трансфери бўйича таклифларни “Ньюкасл”га юборган. Агар Исаак “Энфилд”га борса, “Манчестер Сити” бундан хавотирга тушиши аниқ.
Гвардиоланинг ихтиёрида дунёдаги энг кучли тўпурар – Эрлинг Холанд ҳаракат қилаётганига қарамай, ўтган мавсум Арне Слот шогирдлари “шаҳарликлар”дан чемпионликни осонликча суғуриб олган ва ёзда Флориан Виртц, Милош Керкез, Жереми Фримпонг билан сафини мустаҳкамлаб, янги мавсумда асосий фаворитга айланган.
Гвардиола рақиб ҳужумларини қайтаришда марказий ҳимоячилар жуфти – Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолга суянади. Агар Александр Исаак “Ливерпуль”да пайдо бўлса, 25 ёшли ҳужумчини тўхтатиш масъулияти айнан шу ҳимоячилар зиммасига тушади.
Бироқ “Манчестер Сити” футболчилари орасида Александр Исаак билан янгидан дуэл кутаётган ўйинчи Абдуқодир Ҳусановдир. Гвардиола “ўзига хос футболчи” деб таърифлаган ўзбек ҳимоячиси ўтган мавсум “Ньюкасл”нинг етакчи тўпурарини тўлиқ тўхтатган ва жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшган эди.
Учрашув натижасидан қатъи назар, Эдди Хау шогирдлари ўша ўйинда “шаҳарликлар” дарвозасига кўплаб хавфли вазиятлар яратиш, тезкор қарши ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилган эди.

Ҳақиқат шундаки, ўша баҳсда Ҳусанов рақиб ҳужумчиси Исаакни бутунлай тўхтатди. Ҳусанов дуэлда устун келиб, ҳаводаги курашларда ғолиб бўлди, жарима майдончасида рақибни “тоза” қўриқлади, ўзини ҳам, зарбасини ҳам ўтказмади.
Гвардиола ўзбек ҳимоячига Исаакни шахсан қўриқлашни топширган бўлиши мумкин. Бу тактика самара берди. Чунки ёш ҳимоячи тезкор Исаакдан спринтларда қолишмади, яккакурашларда ҳам мағлуб бўлмади. Исаак эса, лиганинг энг тез ва ўйинни яхши ўқийдиган футболчиларидан бири. Швед ҳужумчиси 21 ёшли Ҳусановга нисбатан прессинг қўллаган вазиятлар ҳам натижа бермади. Хотиржам ўйнаган Абдуқодир рақиб босимидан осон чиқди ва жамоадошларига аниқ пас узатди.
Абдуқодир Ҳусановга қарши тўп сурган Александр Исаак ўша баҳсда бирор зарба йўллай олмади, ҳимоячини умуман алдаб ўтолмади, жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқадиган пас бермади ва тўққиз марта тўпни йўқотди.
“Манчестер Сити” Александр Исаак учун ноқулай рақиб бўлиб келган. Швециялик тўпурар “шаҳарликлар”га қарши олти марта ўйнаган ва жамоаси фақат бир марта ғалаба қозонган. Исаакнинг ўзи Гвардиола жамоасига иккита тўп киритишни уддалаган.
Агар Александр Исаак “Ливерпуль”дек кучли жамоага ўтса, “Манчестер Сити” учун янада хавфли рақибга айланади. Демак, Абдуқодир Ҳусановни Европанинг энг хавфли ҳужумчиларидан бирига қарши навбатдаги дуэл кутиб турибди, — деб ёзади manchestercity.news сайти таҳлилчиси Сринивас Садхананд. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар