date

“Манчестер Сити” дарвозабонлар хавфини яширинча ҳал этиб қўйди

“Манчестер Сити” дарвозабонлар хавфини яширинча ҳал этиб қўйди
Европа футболида дарвозабон масаласи энг нозик нуқталардан бири ҳисобланади. Айниқса, доимий совринларга интилувчи гранд клублар учун. Шу маънода, “Манчестер Сити”даги сўнгги ҳолат кўпчиликни ўйлантириши турган гап. Жамоанинг асосий кипери Эдерсон анча вақтдан бери бошқа жамоага ўтишни истаб келмоқда. Шу боис, “шаҳарликлар” олдиндан эҳтиёт чорасини кўришга киришган.

Футбол оламидаги энг ишончли манбалардан бири – инсайдер Фабрицио Романо ёзганидек, Хосеп Гвардиола таркибдаги икки тажрибали дарвозабон – Эдерсон ва Штефан Ортега билан боғлиқ вазиятдан қатъи назар, клуб келажагини кафолатлай оладиган янги номни аллақачон белгилаб қўйган. Бу ном – Жеймс Траффорд.

Траффорд “Манчестер Сити” академиясида етилиб чиққан ва кейинчалик тажриба тўплаш мақсадида “Бёрнли” сафига йўл олган эди. Кейинги икки мавсумда у айнан “Бёрнли”нинг асосий таркибида ўйнаб келмоқда ва ўзини ишончли кипер сифатида намоён этган. Шу боис “Сити” раҳбарияти уни қайтариш имкониятидан фойдаланмоқчи.

Маълумотларга кўра, клублар ўртасида 22 ёшли дарвозабоннинг трансфери бўйича музокаралар бошланган. Энг қизиғи, “Манчестер Сити”да уни қайта сотиб олиш ҳуқуқи сақланиб қолган. Бу эса уларга муҳим тактик ва молиявий афзаллик беради.

Жеймс Траффорд ҳозирда “Бёрнли” билан 2027 йилгача мўлжалланган шартнома асосида тўп сурмоқда. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 22 миллион евро атрофида баҳолаган. Бу, айни пайтда, унинг иқтидори ва талаб даражасини кўрсатади.

“Сити”да дарвозабон масаласида эҳтиёткор ва узоқни кўзлаб иш тутилаётгани маълум. Агар Эдерсон ёки Ортега жамоани тарк этса, клуб мураббийлар штабида Жеймс Траффорд каби тайёр вариант мавжуд. Унинг қайтиши жамоага янги руҳ, рақобат ва истиқбол бағишлаши мумкин.

Футбол ишқибозлари эса бу трансфер орқали Гвардиоланинг келажак учун қандай режалар қилаётганини яна бир бор кўрди. Эҳтимол, яқин орада “Этихад”даги асосий кипер ўзгариши мумкин. Аммо энг муҳими – “Сити” буни ҳам олдиндан ҳис қилиб, чорани топиб қўйди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” дарвозабонлар хавфини яширинча ҳал этиб қўйди