
Мадриднинг машҳур клуби – “Реал” тез кунларда ўз юлдуз футболчиларидан бири Винисиус Жуниор билан янги шартнома борасидаги музокараларни қайта йўлга қўяди, деб хабар берди marca.com.
Ҳозирда нафақат Испания, балки бутун Европанинг эътибор марказида бўлган бразилиялик вингернинг тақдири яна номуайянлик гирдобида. 2024 йилнинг февраль ойида “Реал” раҳбарияти Винисиус билан янги келишув бўйича олиб борилаётган мулоқотларни тўхтатганди. Энди эса музлатилган жараёнга яна жон бағишланиши кутилмоқда.
Винисиуснинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача кучда бўлиб, у клуб билан яна уч йил давомида боғланган. Бироқ айни пайтдаги вазият унинг қолиши ёки кетиши масаласини кун тартибига қайта олиб чиқди.
Маълумотларга қараганда, футболчининг “Реал”дан бўлган асосий талабларидан бири — маошни сезиларли равишда ошириш. Норасмий манбаларда келтирилишича, Винисиус йилига 20 миллион евро иш ҳақи талаб қилмоқда. Клуб эса бу миқдорни жуда юқори деб ҳисобламоқда ва музокаралардаги асосий тўсиқ айнан шу масалага бориб тақалмоқда.
Айтиш жоизки, Винисиуснинг имкониятлари билан қизиқувчи клублар етарлича. Ҳатто бир неча ой аввал унинг Саудия Арабистонида фаолият юритиб, беш йил ичида тахминан 1 миллиард евро ишлаб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу эса футбол оламида катта шов-шувларга сабаб бўлди ва унинг “Реал”даги келажаги борасида янги саволларни туғдирди.
Шу билан бирга, мадридликлар Винисиусни жамоанинг стратегик ва маркетинг жиҳатдан муҳим фигураси сифатида кўради. Унинг харизматик ўйини, мухлислар орасидаги юксак обруси ва бренд сифатидаги қиймати катта. Шу боис, “Реал” уни осонликча қўйиб юборишни истамайди.
Бироқ маош борасидаги келишмовчиликлар клуб ва футболчи ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Агар “Реал” раҳбарияти Винисиус талабларини инобатга олмаса, унинг клубдан кетиши мутлақо эҳтимолдан холи эмас.
Яқин ҳафталарда музокаралар қандай йўналиш олиши, “Реал” ўз юлдузи билан келиша оладими ёки Винисиус молиявий томонни биринчи ўринга қўйиб, бошқа йўлни танлайдими — шу саволлар жавобсиз қолмоқда.
Мухлислар эса бир нарсага умид қилмоқда: Винисиус “Бернабеу”да яна йиллар давомида ёрқин ўйинлари билан мухлисларни хурсанд этишда давом этади. Аммо буни фақат вақт кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар