date

Осиё чемпионатида 7 нафар боксчиларимиз рингга чиқади

Осиё чемпионатида 7 нафар боксчиларимиз рингга чиқади

Жорий йилнинг 30 июль санасидан бошлаб 12 августгача давом этадиган ва Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилаётган ёшлар ва 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Мазкур нуфузли мусобақа қитъанинг етакчи бокс мактабларини бир жойга жамлаган ҳолда, юқори савиядаги беллашувларга гувоҳлик қилмоқда.

Бугунги кун дастуридан ўрин олган ёшлар йўналишидаги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи 7 нафар иқтидорли спортчи рингга кўтарилиши режалаштирилган. Улар ўз тоифаларида қитъанинг энг яхши рақибларига қарши баҳс олиб боради:

• -48 кг вазн тоифасида Мафтуна Мусурмонова Саудия Арабистони номидан иштирок этаётган Аланоод Алгҳамдига қарши рингга чиқади.
• -54 кгда Муслима Турғунова Қозоғистон вакили Жанел Имантаева билан тўқнаш келади.
• -57 кгда эса Робия Равшанова Жанубий Кореядан бўлган Юбеен Сеога қарши рингга чиқади.
• -50 кгдаги учрашувда Одилшох Ҳалимов Ҳиндистон спортчиси Акаш Бадварга қарши рингга чиқади.
• -75 кгдаги баҳсда Муҳаммаджон Яқупбоев Эрон боксчиси Амирмаҳди Сабзи билан тўқнаш келади.
• -80 кг вазн тоифасида Норбек Абдуллаевга Ҳиндистон номидан рингга чиқадиган Локеш рақиблик қилади.
• +80 кг тоифасида эса Ислам Салиҳов Қозоғистон вакили Бексултан Каиратули билан куч синашади.

Ташкилотчиларнинг билдиришича, Осиё чемпионатида жами 25 та давлатдан ташриф буюрган 367 нафар иқтидорли боксчи иштирок этмоқда. Улардан 220 нафари ўғил болалар, қолган 147 нафарини эса қизлар ташкил этмоқда.

Мазкур мусобақа ёш спортчилар учун халқаро тажриба орттириш, ўз маҳоратларини намоён этиш ва келажакда катта мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш учун муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда. Бокс ихлосмандлари эса юртимиз вакилларидан юксак натижалар кутиб, уларни қизғин қўллаб-қувватлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпионатида 7 нафар боксчиларимиз рингга чиқади