Англия Премьер-лигасида кутилмаган воқеа содир бўлмоқда — “Ньюкасл” клуби раҳбарияти ва жамоанинг етакчи тўпурари, Швеция терма жамоаси ҳужумчиси Александр Исаак ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда. Ҳозирги вазият шундайки, яқин орада бу муаммо ҳал бўлишига ишониш қийин.
Ишнинг моҳиятига тўхталсак, Александр Исаак ўз фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш ниятида. Манбаларга кўра, ҳужумчи “Ливерпуль” сафида тўп суришни орзу қилмоқда. Арне Слот бошчилигидаги “қизиллар” эса бу ўйинчи учун “Ньюкасл”га 110 миллион фунт-стерлинг миқдорида рекорд бадал таклиф қилган. Бироқ “қарғалар” раҳбарияти кескин рад жавобини берди ва футболчи сотилмаслигини қатъий маълум қилди.
Таниқли спорт журналисти Бен Жейкобс тарқатган маълумотга кўра, Исаак “Ньюкасл” сафида қолган тақдирда ҳам бу клуб учун майдонга чиқмаслигини очиқ айтган. Бу эса муносабатларни янада таранглаштирди.
Яна бир ишончли манба — The Times нашри ёзишича, 25 ёшли форвард сўнгги уч йил давомида яшаб келган уйини ҳам тарк этган. Бу қадам кўпчилик томонидан унинг “Ньюкасл”га қайтиш эҳтимоли йўқлигининг очиқ далили сифатида баҳоланмоқда.
Александр Исаак “Ньюкасл” сафидаги фаолияти давомида жами 109 та учрашувда майдонга тушди. У шу ўйинларда рақиб дарвозасини 62 марта ишғол қилиб, жамоадошларига яна 11 та голли узатма йўллади. Унинг самарали ўйини ва доимий хавф сола олиши мухлислар қалбида алоҳида ўрин эгаллаб улгурган эди.
Ҳозирги зиддият клуб ва футболчи муносабатларини бутунлай узиши мумкин. Бу эса нафақат “Ньюкасл”нинг ҳужумдаги кучини сезиларли даражада пасайтиради, балки Премьер-лига трансфер бозорида ҳам катта шов-шувга сабаб бўлиши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!