“Манчестер Сити” ҳам янги мавсумга киришди. Хосеп Гвардиола янгиланган таркиб билан Англия Премьер-лигаси, Европа Чемпионлар лигаси ва бир қатор кубок мусобақаларида бош совринларни қўлга киритишга уриниб кўради. Англия футболини ёритаётган манбалар жамоаларнинг мавсумга тайёргарлик даражасини таҳлил қилмоқда.
Нуфузли манба — The Athletic нашри эксперти Жордан Кэмпбелл “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик легионери Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги вазиятни ёритди.
— Абдуқодир Ҳусанов янги позицияга ўтказилиши кутиляпти. Ўз вақтида “Реал” ҳам даъвогарлик қилган ўзбек футболчиси ўтган мавсумда “Ланс” ва “Манчестер Сити” таркибида жами 21 та учрашувни марказий ҳимоячи сифатида ўтказган. Шунга қарамай, Хосеп Гвардиола Европа Чемпионлар лигаси доирасида “Реал”га 1:3 ҳисобида бой берилган Мадриддаги учрашувда ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида “Ал-Айн” устидан 6:0 ҳисобида ғалаба қозонилган баҳсда Абдуқодирни бошқа позиция — ўнг қанот ҳимоясида ўйнатди.
Экспертларнинг таъкидлашича, 2025–2026 йилги мавсумда 45-рақам эгаси кўпроқ ўнг қанот ҳимоячиси сифатида майдонга тушиши мумкин. Айниқса, спорт директори Уго Виана ёзги трансферлар даврида ўнг қанот ҳимоясига янги ўйинчи олмагани Ҳусановнинг бу қанотда кўпроқ керак бўлишидан далолат беради.
Шахсий фикримга кўра, жамоада асосий ўзгариш ва янгиликлар Тижани Рейндерс атрофида бўлади. Ўтган мавсум жамоага ярим ҳимоядаги ҳаракатчанлик етишмаган эди ва бу қарши ҳужумлар ташкил қилишдаги муаммоларнинг асосий сабаби бўлган. Шунингдек, ўнг қанотда ўйнай оладиган Абдуқодир Ҳусановни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак: у жуда тезкор ва рақиб билан бирга-бир вазиятда жуда яхши ўйнайди — бу хусусиятлар ҳозирги замонавий Премьер-лигада жуда муҳим омилга айланган. Ҳусанов ўнг қанот ҳимоясида ўйнай олиш салоҳиятини кўрсатган ва бу позициядаги муаммоларга тўлиқ барҳам бериши мумкин.
Аввал ҳам айтилгандек, Ҳусанов Манчестерга келганидан кейин қисқа вақт ўтиб, “Реал”га қарши ўйинда ўнг қанотга қўйилди — бу худди уни оловга ташлашдек эди. Шунга қарамай, тошкентлик йигит рақибнинг Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе каби юлдузларини тўхтатиш вазифасини уддалади ва ўнг қанот ҳимоячиси сифатида жамоанинг бу позициядаги муаммосини узоқ муддатга ёпиши мумкинлигини намойиш қилди.
Мадриддаги ўйинда Ҳусанов уч бор тўпни дарвоза олдидан узоқлаштирди, биттадан блок, тўпни олиб қўйиш, ҳал қилувчи пас ва дриблингни муваффақиятли амалга оширди, пасларининг 93 фоизи аниқ чиқди. Винисиусга қарши персонал ўйнаган Абдуқодир босими остида бразилиялик юлдуз бирорта гол уролмади, голли пас узата олмади, 12 марта тўпни йўқотди, дриблингларининг ярмидан кўпи иш бермади ва ҳатто бирорта аниқ пас оширолмади ҳам.
Ўтган мавсумда ўнг қанот ҳимоясида Матеус Нуньес яхши ўйнади, лекин Гвардиола кам имконият берганига қарамай, Ҳусанов ҳам бу позицияда юқори даражада ўйнаш учун барча малака ва сифатларга эга эканини исботлай олди, — деб ёзди The Athletic нашри эксперти Жордан Кэмпбелл.
“Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг янги мавсумини 16 август куни, сафарда ўтказиладиган “Вулверхэмптон” билан бўладиган ўйин билан бошлайди. Мусобақалар зичлиги, таркибдаги ротация ва янги роллар — барчаси Гвардиола лойиҳасидаги навбатдаги қадамларни белгилаб беради. Мухлислар учун асосий интрига эса аниқ: Ҳусанов — ўнг қанотдаги барқарор ечимми? Янги мавсум жавобни майдоннинг ўзида беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!