“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоанинг асосий дарвозабони Эдерсон Мораесни Туркиянинг энг кучли клуби ҳисобланган “Галатасарой”га беришни истамаяпти.
Маълумотларга кўра, истанбулликлар бразилиялик киперни қўлга киритиш учун инглиз клубига 10 миллион евро миқдорида бадал пули таклиф қилишган. Бироқ “шаҳарликлар” бу таклифни жуда паст деб ҳисоблаб, рози бўлмади.
Журналист Фабрицио Романо таъкидлашича, манчестерликлар тажрибали голкипер трансфери учун камида 25 миллион евро талаб қилмоқда. Бу рақам турк клуби учун ҳозирча қабул қилиш қийин бўлган нарх ҳисобланмоқда.
Яна бир машҳур инсайдер Флориан Плеттенбергнинг ёзишича, “Галатасарой” Эдерсоннинг трансфери борасида узоқ кутмайди. Агар келишув амалга ошмаса, турклар захира вариант сифатида “Порту” клуби дарвозабони Диогу Коштани олиб келиш масаласини жиддий кўриб чиқяпти.
Манбаларга кўра, истанбулликлар португалиялик кипер учун илк таклифни юборишга ҳам улгурган. Улар 25 ёшли дарвозабон учун 20 миллион евро ва қўшимча бонуслар таклиф қилмоқда.
Қизиқ жиҳати шундаки, Transfermarkt портали мутахассислари Диогу Коштани 40 миллион евро атрофида баҳолашган. Демак, агар келишув амалга ошса, “Галатасарой” катта имкониятга эга бўлиши мумкин.
Шу тариқа, Эдерсон масаласида узоқ музокаралар давом этаётган бўлса-да, турк клуби эҳтиёт чораси сифатида янги йўналишга ҳам назар ташлаяпти. Янги мавсум арафасида “Галатасарой” қайси киперни олиши футбол жамоатчилиги учун катта қизиқиш уйғотмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!