“Пари Сен-Жермен” клуби асосий дарвозабони Жанлуижи Доннарумманинг Париждаги фаолияти якунланиши аниқ бўлиб улгурди. Ҳатто унинг бир йиллик шартномаси қолганига қарамай, италиялик кипер жамоани тарк этиб, Англия Премьер-лигасининг етакчиларидан бирига кўчиб ўтиши кутилмоқда.
Нуфузли манбаларнинг таъкидлашича, Доннарумма келаси мавсумда ўз фаолиятини “Манчестер Сити” сафида давом эттиради. Бу трансфер атрофидаги музокаралар бир неча ҳафталардан бери давом этарди ва охир-оқибат жамоалар ўзаро келишувга яқинлашди.
Маълумотларга кўра, ПСЖ раҳбарияти ўз дарвозабони учун 45–50 миллион евро миқдорида бадал пули талаб қилган. Аммо инсайдер Альфредо Педулланинг хабар беришича, “Сити” бундай нархга рози бўлмаган ва футболчи учун бу қадар катта маблағ сарфламаслигини билдирган.
Ўтказилган музокаралар натижасида, “Манчестер Сити” талаб қилинган нархнинг ярмини тўлашга келишди. Бу эса тахминан 22–25 миллион евро атрофидаги суммага тўғри келади.
ПСЖ мутасаддилар эса бу қарорни маъқул кўрмоқда. Чунки катта маош оладиган Доннарумма келаси мавсум эркин агент мақомига эга бўлиб, клубни мутлақо текинга тарк этиши мумкин эди. Шу боис, Париж клуби ҳозирнинг ўзида ундан муайян маблағ ишлаб олиш йўлини афзал кўрди.
Шу тариқа, ёзги трансфер бозорида яна бир йирик келишув амалга ошишига қадар саналмоқда. Доннарумманинг Англияга йўл олиши ПСЖ учун йўқотиш бўлса-да, “Сити” дарвозабонлар чизиғида катта кучга эга бўлади. Мухлислар эса яқин кунларда расмий эълон қилинадиган хабарни сабрсизлик билан кутмоқдалар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!