Англиянинг энг кучли клубларидан бири “Манчестер Сити” янги мавсум олдидан жамоа ичидаги асосий масалаларни муҳокама қилмоқда. Бош мураббий Хосеп Гвардиола матбуотга қилган сўнгги чиқишида жамоа марказий ҳимояси ҳамда мавсумга қўйган асосий талаби ҳақида тўхталди.
Испаниялик мутахассис айни пайтда жамоада муҳим рол ўйнаётган Рубен Диаш – Жон Стоунз жуфтлигини алоҳида эътироф этди.
“Албатта, улар жуда муҳим. Ҳар иккиси ҳам жамоа ўйинини мустаҳкамлаб туришда катта аҳамиятга эга. Бироқ шу билан чекланиб қолмаймиз — Йошко Гвардиол, Мануэль Аканжи, Натан Аке ва ёш иқтидор Абдуқодир Ҳусанов ҳам клуб учун бирдек зарур футболчилар ҳисобланади. Ҳар бирига ишончим катта ва уларнинг борлиги биз учун улкан имкониятдир”, — деди Гвардиола.
Шунингдек, машҳур мураббий янги мавсум олдидан энг катта орзуси ва асосий талабини ҳам ошкор қилди.
“Мавсум бошланиши арафасида менинг ягона истагим бор — бу жамоанинг соғлом бўлиши. Жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми, аммо ўтган мавсумдагидек кўпаявериши мутлақо керак эмас. Футболчиларнинг майдонга чиқиб, рақобат қила олиши мен учун энг катта ютуқ ва муҳим жиҳат ҳисобланади”, — дея таъкидлади испаниялик мутахассис.
Шу тариқа, Гвардиола жамоа таркибидаги ҳар бир футболчига ишонч билдириб, асосий мақсад — барқарорлик ва соғлом рақобат муҳитини сақлаб қолиш эканини очиқча билдирди. Мухлислар эса энди янги мавсумда “Манчестер Сити” қандай натижалар қайд этишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!