date

“Манчестер Сити”да катта ўзгаришлар: Аканжи ва Аке кетиши мумкин

“Манчестер Сити”да катта ўзгаришлар: Аканжи ва Аке кетиши мумкин

Англиянинг кучли клубларидан бири ҳисобланган “Манчестер Сити”да трансфер сиёсати янги босқичга кўтарилди. Бош мураббий Хосеп Гвардиола бир неча бор таркибни қисқартириш зарурлигини таъкидлаганидан кейин, клуб раҳбарияти бир нечта футболчининг кетиши бўйича аниқ ҳаракатларни бошлаб юборди.

Маълумки, ўтган мавсумнинг илк ярмида юз берган инқироздан сўнг, жамоа таркибини ёшартириш ва қайта шакллантириш режаси қабул қилинганди. Бу жараён қишки трансфер ойнасидаёқ амалий қадамлар билан бошланиб, авваломбор Абдуқодир Ҳусанов жамоага олиб келинди.

Шундан кейинги икки трансфер ойнасида клуб Ҳусановдан ташқари Витор Рейс, Умар Мармуш, Нико Гонсалес, Маркус Беттинелли, Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Сверре Нюпан ва Жеймс Траффорд каби иқтидорли футболчиларни ҳам ўз сафларига қўшди.

Экспертлар таъкидлашича, ҳозирда “Сити” марказий ҳимоя чизиғида ортиқча таркиб шаклланиб қолган. Замонавий футболда эса марказий ҳимоячилар заруратсиз деярли алмаштирилмайди.

Янги мавсум бошланиши арафасида Гвардиола қўли остида Жон Стоунз, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Мануэль Аканжи, Натан Аке, Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс каби ҳимоячилар бор эди. Аммо энди уларнинг айримлари кетма-кет таркибдан чиқарилмоқда. Биринчи бўлиб Витор Рейс “Жирона” клубига ижарага йўлланди.

Ҳозирда эса яна бир нечта ҳимоячига харидорлар пайдо бўлди. Жумладан, тажрибали Мануэль Аканжи фаолиятини Туркия чемпиони “Галатасарой”да давом эттириши мумкин. Фабрицио Романо маълумотига кўра, истанбулликлар 30 ёшли швейцариялик футболчи учун 15 миллион фунт таклиф қилишган ва келишув якунланиш арафасида.

Шу билан бирга, Англия Премьер-лигасидаги “Эвертон” раҳбарияти ҳам “Сити” билан ҳамкорликни давом эттириш истагида. Мерсисайдликлар аввалроқ Жек Грилишни ижарага олган бўлса, энди бош мураббий Дэвид Мойес ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида Натан Аке трансферига қизиқиш билдирмоқда.

“Эвертон”да Жаррад Брэнтуэйт ва Виталий Миколенконинг жароҳатлари сабаб ҳимояда катта муаммо пайдо бўлган. Шу боис клуб Акенинг хизматларига жиддий тарзда эътибор қаратмоқда ва уни ҳеч бўлмаганда ижара асосида қўлга киритишни режалаштирмоқда.

Шу тариқа, агар Аканжи ва Аке кетса, Гвардиола қўли остида Рубен Диаш, Жон Стоунз, Йошко Гвардиол ва Абдуқодир Ҳусановдан иборат тўрт ҳимоячи қолади. Мавсум давомида Премьер-лига, Чемпионлар лигаси ва миллий кубокларда иштирок этишини ҳисобга олсак, бу ҳолат Ҳусановга кўпроқ ўйин амалиёти олиш имкониятини яратиши мумкин.

Мухлислар учун энг қизиқ жиҳат — “Сити” таркибидаги бундай ўзгаришлар клубнинг янги мавсумдаги натижаларига қандай таъсир кўрсатиши. Шу саволнинг жавобини эса тез орада кўрамиз.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да катта ўзгаришлар: Аканжи ва Аке кетиши мумкин