Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини Испанияда давом эттирмоқда. Бу йиғин доирасидаги илк назорат учрашувида вакилларимиз Англия U-17 жамоасига қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Беллашув якунлари бўйича Ўзбекистон U-17 бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўйин хулосалари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, бу баҳс ўсмирларимиз учун катта тажриба вазифасини бажарди.
— Англия қайси ёш тоифасида бўлмасин, ҳар доим дунёнинг етакчи терма жамоаларидан бири сифатида майдонга тушади. Улар прессинг, тезкорлик ва тўп билан ишлашда биздан анча устун ҳаракат қилишди. Шунга қарамай, йигитларим охирги дақиқагача курашдан чекинмади. Айрим ҳолатларда яхши комбинациялар туздик, тўп устидан назоратни сақлашга ва ҳужумга ўтишга муваффақ бўлдик. Аммо хатолар ҳам йўқ эмас, айниқса, прессингдан чиқишда ва ҳимоя чизиғида хато қилдик. Бундай даражадаги рақибга қарши кичик хатонинг ўзи катта оқибатларга олиб келиши аниқ. Шунингдек, умумий ҳисобда футболчиларим кўрсатган ўйиндан розиман. Энг асосий жиҳати — улар рақиб ким эканлигидан қатъи назар, ҳужумкор футбол ўйнашга интилишди, — деди мураббий.
Маълумот ўрнида, ўсмирларимиз йиғин доирасидаги кейинги учрашувини 6 сентябрь куни Канада U-17 жамоасига қарши ўтказади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!