Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов «CAFA Nations Cup-2025» мусобақасида Қирғизистонга қарши учрашув арафасида ўз фикрларини баҳам кўрди.
– Ҳаммаси яхши, барча руҳий ва жисмоний жиҳатдан тайёр. Эртанги ўйинга жиддий ҳозирлик кўряпмиз, – деди у суҳбат давомида.
Шомуродовдан Туркманистонга қарши ўтган баҳс ҳақида сўрашди. Унинг таъкидлашича, ўйинда кўпроқ гол урилмаганига асосий сабаб омад етишмагани бўлган. – Йигитлар жуда кўп ҳаракат қилди. Энг муҳими – ғалаба қозондик. Насиб қилса, кейинги баҳсларда голлар сони кўпаяди, – деди ҳужумчи.
Қирғизистон билан бўладиган тўқнашув ҳақида у шундай фикр билдирди: – Сўнгги йилларда уларга қарши кўп тўқнашганмиз. Жуда чайир ва охиригача қаршилик кўрсатадиган жамоа. Биз учун осон бўлмайди, лекин финалга йўл олиш учун барча имкониятни ишга соламиз. Албатта, мухлисларни хурсанд қилиш муҳим вазифа.
Элдорнинг айтишича, ўтган финалда Эронга қарши ғалаба қозониш имконияти қўлдан бой берилган. Бу сафар эса мақсад фақатгина кубокни қўлга киритиш. – Аввало Қирғизистонни кўпроқ гол уриб ортда қолдиришимиз керак, – деди у.
Узоқ масофадан зарбалар ҳақида ҳам тўхталди: – Бу вазиятга боғлиқ. Ҳар доим ҳам узоқдан зарба бериш самарали эмас. Агар жамоадошингиз қулайроқ ҳолатда бўлса, унга тўпни узатиш тўғрироқ. Бизнинг таркибда узоқдан кучли зарба беришга қодир футболчилар бор, лекин асосийси – шерик учун қулай имконият яратиш.
Мухлислар стадионга камроқ келаётгани ҳақида эса у шундай деди: – Балки стадион кўпчилик учун узоқ жойда жойлашгандир.
Шунингдек, «Истанбул Башакшеҳир» клубига мослашиш жараёни ҳам яхши кечаётгани, Аббосбек Файзуллаев билан бирга ўйнаётгани ёқимли таассурот бериши ҳақида қайд этди. Соч турмагини ўзгартириши ҳақида эса қуйидагича изоҳ берди: – Илгари унга эътибор қилмасдим. Сўнгги пайтларда парваришга кўпроқ эътибор қаратаяпман, бу ҳам бир янгилик сифатида қабул қилинса бўлади.
Шомуродовнинг интервьюси мухлисларга жамоа олдида турган асосий мақсад – финалга йўл олиш ва ғалаба учун бор кучни ишга солишдан иборат эканини яққол кўрсатди.