Юртимизда ўтган CАFА мусобақасининг 3-турида Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий терма жамоалари тўқнаш келган ўйин мухлислар учун қизиқ ва шиддатли кечди. Учрашувнинг иккинчи бўлими бошланишида эса кутилмаган ҳолат юз берди — “Андижон” клуби ва Қирғизистон термаси дарвозабони Эржан Токотаев бошидан жароҳат олиб, мажбурий тарзда майдонни тарк этди.
Мухлислар унинг соғлиғидан хавотирга тушган бир пайтда, “Андижон” клуби матбуот хизмати дарвозабон билан боғланди ва у ҳолати ҳақида сўзлаб берди.
— Эржан, соғлиғингиз қандай? Ўзбекистонга қарши баҳсда жароҳат олган эдингиз. Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Катта раҳмат. Ҳозирги вақтда ҳолатим анча яхши. Текширув натижаларидан кейин шифокорлар ортиқча зўриқмасдан дам олишимни тавсия қилишди. Шишиш пасайиши учун бироз вақт талаб қилинади. Шундан сўнг машғулотларга қайта бошлайман.
Дарвозабон Ўзбекистонга қарши кечган учрашув таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди:
— Ўйинни ёмон бошлаганимиз йўқ. Биринчи таймда рақиб фақат бир голли имкониятдан фойдаланди, холос. Ундан ташқари жиддий хавфлар ярата олишмади. Иккинчи бўлимда эса жароҳат сабаб ўйинни давом эттира олмадим.
Суҳбат давомида Эржан “Андижон”нинг ОЧЛ 2 турниридаги рақиби — “Аркадағ” ҳақида ҳам фикр билдирди:
— Туркманистоннинг бу клубида тажрибали ва маҳоратли футболчилар жамланган. Биз эса ёшроқ жамоамиз. Лекин юқори темпда ўйнасак, яхши натижага эришишимиз мумкин.
Шунингдек, у рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтди:
— Энг муҳим томони, ўз услубимизни йўқотмасдан, тезкор ўйин кўрсатишимиз зарур. Шунда бизда имконият пайдо бўлади.
Сўнгги саволга жавоб берганида эса Токотаев ўз ҳолати ҳақида қўшимча қилди:
— Ҳозирча тинчгина дам олишим керак. Лекин сафга тезроқ қайтиш учун барча ҳаракатларни қилиб турибман. Яқин орада жамоага қўшилиш ниятим бор.
Эржан Токотаевнинг тезроқ соғайиб, майдонга қайтиши “Андижон” ва Қирғизистон терма жамоаси мухлислари учун шубҳасиз муҳим янгилик бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!