Англия Премьер-лигасининг 4-турига шаҳар дербиси — “Манчестер Сити” ва “Манчестер Юнайтед” тўқнашуви нуқта қўйди. Бу мавсумдаги биринчи катта баҳсга “Этиҳад” стадиони мезбонлик қилди.
Учрашув олдидан “Сити” лагерида жиддий ташвишлар кузатилганди. Жамоанинг 13 нафар футболчиси турли жароҳатлар билан сафдан чиқиб қолгани боис, Хосеп Гвардиола машғулотларни тўлиқ режа асосида олиб бориш имкониятидан маҳрум бўлди. Аммо клуб шифокорлари ва физиотерапевтларининг ҳаракатлари самара берди, кўплаб футболчилар сафга қайтди. Улар орасида ўзбекистонлик ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг борлиги мухлислар учун алоҳида хурсандчиликка сабаб бўлди.
21 ёшли футболчи “Брайтон”га қарши учрашувда жароҳат олгани сабабли миллий терма жамоа йиғинлари ва учрашувларини ўтказиб юборганди. У тўлиқ даставвал тикланишга эътибор қаратди ва дербида асосий таркибда майдонга тушди.
Гвардиола таркиб танлашда бор имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамоасини юқори руҳда дербига тайёрлади. Ўйин тўлиқ “Сити” назоратида ўтди: дарвозани Жанлуижи Доннарумма қўриқлади, ҳисобни эса яна сафга қайтган Фил Фоден очди. Жамоа тўпурари Эрлинг Холанд эса яна ўзини кўрсатиб, дубль қайд этди.
Эътиборли жиҳат, аввалги икки мағлубиятда ишончсиз ўйнаган ўнг қанот ҳимояси бу сафар Абдуқодир Ҳусановга топширилди. Унинг ҳаракатлари нафақат мутахассислар, балки Гвардиоланинг ўзи томонидан ҳам юқори баҳоланди.
Испаниялик мураббий учрашувдан кейинги баёнотида шундай деди:
— Дербининг аҳамиятини яхши биламан ва одамларга ғурур олиб келиш катта шараф. Жамоа бир тизимда ҳаракат қилди. Эрлинг Холанд клубга келганидан буён ажойиб иш қилмоқда, бу мавсум эса янада кучли кўринади. Фил Фоден эса бизга етишмаётган муҳим фигура эди, унинг қайтиши жамоа учун катта ютуқ.
Абдуқодир Ҳусанов ҳақида эса айтаман: у жисмоний жиҳатдан аъло даражада, қанотни мустаҳкам ёпди, тўпни деярли йўқотмади. Фақат баъзи вазиятларда ортиқча энергияси туфайли қарор қабул қилишда шошиб қолди. Шунингдек, у дербини зўр ўтказди ва “Сити”га ўйин темпини ушлаб туришда, рақиб ҳужумини йўқ қилишда ҳамда тезкор ҳужумларни бошлашда катта ёрдам берди, — деди Гвардиола.
Энди “Манчестер Сити” 18 сентябрь куни Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг илк турида Италия чемпиони “Наполи”ни ўз майдонида қабул қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!