Англия Премьер-лигасининг тўртинчи турида бўлиб ўтган дерби ҳақиқий драматик манзарани намоён қилди. “Манчестер Сити” футболчилари “Юнайтед” дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, мухлислар олдида ишончли ғалаба қайд этишди.
Бу мағлубият “қизил иблислар”ни 2023 йил ноябридан буён бошқариб келаётган Рубен Аморим учун 47 учрашувдаги йигирманчи сўнгги натижа бўлиб қайд этилди. Португалиялик мураббий танлаган услуб – уч ҳимоячи билан ўйнаш тактикаси кутилган самарани бермаётганига қарамай, у ўз ғояларидан воз кечиш нияти йўқлигини таъкидлаб келмоқда.
Бироқ Give Me Sport нашри тарқатган маълумотларга кўра, клуб раҳбариятининг сабри тобора тугаяпти. Манчестерликлар Аморим ўрнига эҳтимолий номзод сифатида “Астон Вилла” бош мураббийи Унаи Эмерини кўриб чиқмоқда.
Қизиғи шундаки, испаниялик мутахассис бошқараётган бирменгемликлар ҳам мавсумни муваффақиятсиз бошлади. Бу ҳолат клуб раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлган ва айнан шу зиддиятдан фойдаланиб, “Манчестер Юнайтед” Эмерини ўзига оғдиришга ҳаракат қилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Унаи Эмери Европа футболида ўз номини “Спартак Москва”, “Севилья” ва “Вильярреал”даги тажрибалари орқали ёрқин намоён қилган. Рубен Аморим эса “Спортинг” клубидаги муваффақиятли фаолиятидан кейин Манчестерга таклиф этилган эди.
Эндиликда савол очиқ қолмоқда: клуб раҳбарияти Аморимга ишончни сақлаб қоладими ёки жамоа ривожи учун янги йўналиш танлайдими? Мухлислар эса жавобни яқин кунларда олишлари мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!