Англия Премьер-лигасининг тўртинчи турида бўлиб ўтган Манчестер дербиси ҳамон қизғин муҳокамалар марказида. «Этиҳод»да ўтган ва 3:0 ҳисобида «Манчестер Сити»нинг йирик ғалабаси билан якунланган баҳс борасида нуфузли bbc.com портали ҳар икки жамоа мухлисларининг фикрларини ўрганди.
“Манчестер Сити” мухлислари нималар деди?
Anurag:
— Жуда муҳим ғалаба! Эрлинг Холанд ва Фил Фоден яна бир бор «Юнайтед»га қарши ажойиб ўйин кўрсатишди. Учрашув бошиданёқ завқли кечди. Жанлуижи Доннарумма дарвозада ишончли ҳаракат қилди, Абдуқодир Ҳусанов эса ҳимояда қатъият билан ўйнади.
Brian:
— Ниҳоят, «Сити» ўз ўйинини топди. Фил Фоденнинг қайтиши бутун жамоани руҳлантирди, ғалабага бўлган иштиёқ кучайди. Бундай формада «Сити» нафақат Премьер-лигада, балки Чемпионлар лигасида ҳам қўрқинчли рақибга айланади. Жамоа майдонда ўзини ишонч билан кўрсатди.
CF:
— Манчестер бу гал ҳаворангга бурканди. Доннарумма бир нечта суперсейвлар қилди, Фоден гўзал гол урди, Холанд ҳужумда идеал ўйнади, Доку зўр паслар узатди. Бу ҳақиқий жамоавий мастер-класс бўлди.
Andy:
— Албатта, ишланиши лозим бўлган жиҳатлар бор. «Сити» жуда кўп тўп йўқотди ва кучлироқ рақиб бўлганида жазолаши мумкин эди. Шунга қарамай, Холанд ва Фоденнинг ажойиб ўйини, Ҳусановнинг қатъиятли ҳаракатлари ва Доннарумманинг муваффақиятли дебюти — учрашувнинг ижобий томонлари бўлди. Агар шу кайфият «Наполи»га қарши ҳам сақланса, Чемпионлар лигаси ғалаба билан бошланиши мумкин.
“Манчестер Юнайтед” мухлислари танқид билан чиқди
Mark:
— Ҳимоя бундай аҳволда турса, ҳужумчиларга 200 миллион фунт сарфлашнинг умуман маъноси йўқ. Учала ҳимоячи ҳам жуда секин ҳаракат қилади. Жамоада иштиёқ сезилмайди.
Andy:
— «Юнайтед» аввал гол уришни йўлга қўйиши керак. Ҳимоя жуда бўш. Тез орада тўрт ҳимоячи билан бир чизиқли схемага ўтиш зарур. Агар бу иш берса, Рубен Аморим ҳозирги тактикасидан хатога йўл қўяётганини англатади. Мен унга ҳурмат билан қарайман, аммо қайсарлиги билан ўзига ўзи чоҳ қазияпти.
Rob:
— Аморим доим «Биз яхшироқ ўйнашимиз керак», дейди. Буни биз ҳам яхши биламиз. Лекин амалий ўзгариш йўқ. Натижада аҳвол хафсалани пир қилмоқда. Мураббийни алмаштириб, классик схемаларга қайтиш вақти келди.
Graham:
— Яна бир фиаско. Жамоада сифат етишмайди. Биз Угартега ортиқча ишониб, ўзимизни алдаяпмиз. Шоу эса пиёда юрган йўловчидан фарқ қилмайди. Бош мураббийда аниқ режа йўқ, масъулиятдан қочаётгандек. Шундай давом этса, ҳаммасини йўқотишимиз аниқ.
Шу тариқа, дербидаги 3:0 ҳисобидаги натижа «Сити» мухлислари учун фахр ва қувонч, «Юнайтед» тарафдорлари учун эса алам ва танқид уйғотди. Манчестер шаҳридаги икки жамоа атрофидаги баҳслар эса ҳали анча вақт давом этиши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!