Украина терма жамоаси ва “Челси” ҳужумчиси Михаил Мудрикнинг футболдаги келажаги допинг можароси сабаб катта синов остида қолди. Англия Футбол Ассоциацияси томонидан унга нисбатан расмий айблов қўйилди ва агар бу ҳолат расман тасдиқланса, у 4 йилгача футболдан четлатилиши мумкин.
“Marca” нашрининг маълумот беришича, футболда узоқ муддатли танаффус Мудрикни спорт йўналишини ўзгартириш ҳақида ўйлашга мажбур қилган. Украиналик ҳужумчи енгил атлетика билан шуғулланишни бошлаб юборган ва 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида Украина терма жамоаси сафида иштирок этишни мақсад қилмоқда.
Олимпия йўли осон эмас. Бунга эришиш учун у “World Athletics” қўйган минимал талабларни бажариши ва 2027 йилдаги Украина миллий мусобақаларида саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиши зарур. Хабарларга кўра, Мудрик бу йўналишда фаол ҳаракат бошлаган ва собиқ олимпиячилар билан мунтазам машғулотлар олиб бормоқда.
Маълумки, Мудрикни “Челси” клуби ўз сафига қўшиш учун “Шахтёр”га бонуслар билан бирга қарийб 100 миллион евро сарфлаган эди. Шу боис, унинг дисквалификация ҳолати нафақат футбол жамоатчилигида, балки трансфер бозорида ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Агар у ҳақиқатан ҳам енгил атлетикага ўтиб, Олимпиадада қатнашса, бу спорт оламида ноёб ҳолат сифатида тарихга кириши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!