АПЛ 5-туридан ўрин олган “Олд Траффорд”даги марказий баҳс – “Манчестер Юнайтед” ва “Челси” жамоалари ўртасида кескин ва драматик тарзда кечди. Ушбу тўқнашувда ҳар икки жамоа майдондан биттадан ўйинчисини йўқотди.
Беллашувнинг учинчи дақиқасидаёқ лондонликлар посбони Роберт Санчес рақиб ҳужумчиси Брайан Мбемога қарши қоида бузгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Бу ҳолат “Челси”ни дастлабки дақиқаларданоқ оғир аҳволга солди. Кейинроқ “Юнайтед” ярим ҳимоячиси Каземиро ҳам иккинчи огоҳлантиришдан кейин майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
Учрашувдан сўнг “Челси” бош мураббийи Энцо Мареска журналистлар саволларига жавоб берар экан, вазиятга ўз нуқтаи назарини билдирди:
— Дарвозабон шундай вазиятларда жуда тезкор қарор қабул қилишига тўғри келади. Аммо менинг шахсий фикрим – Роберт гол ўтказишга йўл қўйгани маъқул эди. Чунки ўйин эндигина бошланди, олдимизда ҳали 95 дақиқа вақт бор эди. Бир киши кам ўйнаганимиздан кўра, ҳисобда 0:1 бўлиб қолишимиз яхшироқ бўларди, – деди мутахассис.
Мураббий шу билан бирга Санчеснинг қарорини тушуниш мумкинлигини таъкидлади:
— Ҳар ҳолда буни айтиш осон. Аммо ўша пайтда Робертга атиги бир-икки сонияда қарор чиқаришга тўғри келди. Унинг танловини ҳам қабул қилиш керак.
Мазкур баёнот “Челси” мухлислари ва футбол жамоатчилиги орасида турли баҳсларга сабаб бўлди. Айримлар Маресканинг фикрига қўшилса, бошқалар бу вазиятда посбонни ҳимоя қилиш кераклигини таъкидламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!