date

Украина дрон ҳужумлари Россияда кечаси оммавий сиреналарни ёқди

Украина дрон ҳужумлари Россияда кечаси оммавий сиреналарни ёқди

6 октябр, душанбага ўтар кечаси Украина томонидан Россиянинг қатор ҳудудлари ва қўшиб олинган Қримдаги бир неча стратегик нуқталарга ҳаводан ҳужумлар амалга оширилди. Кечки пайтданоқ Белгород ҳамда Воронеж вилоятлари, шунингдек Қрим осмонида учувчисиз учоқлар уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу билан бирга Тамбов, Нижний Новгород, Ярославл, Калуга, Краснодар, Сочи ва Геленжик аэропортларида ҳаво қатнови вақтинчалик чекланди. Ставропол ўлкаси аҳолиси дрон хавфи ҳақида огоҳлантирилди, Москва мэри Сергей Собянин эса пойтахтга яқинлашган бир дрон йўқ қилинганини маълум қилди.

Дзержинск ва Нижний Новгород устида кеча 10 дан ортиқ портлаш товушлари эшитилгани айтилди. Россиянинг Shot Telegram-канали буни ҲҲМ тизими Украина дронларини уриб тушираётгани билан изоҳламоқда. Украин манбалар ҳам шу минтақадаги портлашлар акс этган деб тасвирланган видеоларни эълон қилди. Маҳаллий маъмурият ҳозирча бу ҳолатга расмий баёнот бермаган.

Қрим бўйича каналларда Феодосия томонига уюштирилган зарбалар тилга олинди — шаҳардаги нефт омборида ёнғин келиб чиққан, деган даъволар бор. «Крымский ветер» канали Евпатория ва Уютное орасидаги ҳарбий қисмда жойлашган радар мажмуаси ҳужум натижасида шикастлангани ҳақида ёзди.

Брянск вилоятида ҳам кечга яқин ракета хавфи ҳақида сиреналар ишга туширилди. Қатор маҳаллий каналлар Клинци шаҳридаги иссиқлик электр станциясида ёнғин юзага келгани, айрим турар-жойларда иссиқлик таъминоти узилгани, яқиндаги Стародубда электр таъминотида узилиш кузатилганини хабар қилди. Вилоят губернатори Александр Богомаз ўз каналида ёнғин ҳақида алоҳида маълумот бермаган, аммо Клинцовский ва Унечский туманларида ракета хавфи эълон қилинганини, орадан қисқа фурсат ўтиб эса огоҳлантириш бекор қилинганини билдирди.

Кечки рейдлар натижасида авиақатновларда кечикишлар қайд этилди, айрим аэропортларда ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилди. Ҳодисалар бўйича турли Telegram-манбаларнинг баёнотлари тарқалган бўлса-да, кўплаб эпизодлар юзасидан расмий изоҳлар ҳали эълон қилинмаган. Мавжуд маълумотлар янгиланиб борилиши эҳтимол, зеро, ҳужумлар логистика, энергетика ва ҳаво ҳаракатига таъсир кўрсатгани айтилаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Украина дрон ҳужумлари Россияда кечаси оммавий сиреналарни ёқди