Ливерпулнинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер “Манчестер Юнайтед”да Рубен Аморимнинг вақти тугаб бораётганини очиқ айтди. Унинг таъкидлашича, бош мураббийни ишдан олиш ҳақида гапириш ёқимсиз туюлса-да, бу сафар вазият шундай нуқтага келиб қолганки, лавозимда қолишини тасаввур қила олмайди.
“Ҳурмат нуқтаи назаридан бундай мавзуларни ёқтирмайман. Лекин ҳозирги ҳолатда унинг ишини давом эттириши амримаҳол деб ўйлайман. Шубҳам йўқ — Янги йилгача ишдан бўшатилади”, — деди Каррагер The Overlap кўрсатувида.
Мутахассис фикрини рақамлар билан ҳам мустаҳкамлади: “Юнайтед” Аморим қўли остидаги дастлабки 50 учрашувдан сўнг рақиб дарвозасига киритган тўплари сони ўзлари ўтказиб юборган голлардан бор-йўғи иккитага кўп. Каррагерга кўра, бундай статистика титулларга даъво қиладиган жамоа учун ўта ташвишли сигнал.
“Олд Траффорд”даги кейинги ҳафталар ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Мухлислар натижа ва ўйин сифатида бурилиш кутаётган бир пайтда, клуб раҳбарияти ҳам мавсум тақдирига таъсир қиладиган қарор остонасида турибди. Шундай шароитда Аморимнинг ҳар бир қадами микроскоп остида — хатога жой кам, вақт эса оз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!