«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд Англия Премер-лигасида сентябр ойи учун энг яхши ўйинчи сифатида тан олинди. Бу ҳақда лига расмий сайти орқали маълум қилинди.
Норвегиялик талант бу ой давомида “шаҳарликлар” сафида учта баҳсда майдонга тушиб, рақиб дарвозасини беш маротаба ишғол этди ва яна бир голли узатма берди. Унинг фаолияти жамоа ҳужумини янада хавфли ва самарали кўринишга келтиргани таъкидланмоқда.
Бу натижалар туфайли у номзодлар орасида етакчиликни қўлга киритди. Эрлинг Ҳоланд соврин учун рақобатда Даичи Камада, Янкуба Менте, Робин Руфс, Гранит Жака ҳамда Мартин Субименди каби кучли футболчиларни ортда қолдирди.
Маълумотларга кўра, бу мавсумда Эрлинг Ҳоланд АПЛ доирасида 7 та баҳсда майдонга тушиб, 9 та гол уришга ва 1 та ассист қилишга улгурган. У нафақат самарадорлиги, балки ўйиндаги таъсир даражаси билан ҳам ажралиб турган.
Лига мутахассислари унинг ўйинини юқори баҳолаб, Эрлинг Ҳоландни нафақат жамоаси учун, балки бутун чемпионат учун илҳом манбаи сифатида тилга олдилар. Шу билан бирга, “шаҳарликлар”нинг умумий натижаларида ҳам у ҳал қилувчи аҳамият касб этганини қайд этишди.
Эрлинг Ҳоланднинг юқори формаси ва фидоий ўйин услуби мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди. Кўпчилик уни бу мавсумдаги АПЛнинг асосий юлдузларидан бири сифатида кўришни бошлади.
Шубҳасиз, Эрлинг Ҳоланднинг бу каби натижалари унинг иштиёқи, меҳнати ва юқори даражадаги профессионал тайёргарлигининг яққол исботидир.
Эслатиб ўтиш лозим, август ойида Жек Грилиш ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!