date

Вадим Абрамов “Динамо” - “Бухоро” (4:1) ўйини ҳақида нималар деди?

Вадим Абрамов “Динамо” - “Бухоро” (4:1) ўйини ҳақида нималар деди?

Самарқандда байрам кайфияти футбол майдонига ҳам кўчди. “Динамо” жамоаси “Бухоро”га қарши баҳсда ишончли 4:1 ҳисобида зафар қучиб, Самарқанд шаҳри кунини мухлислар учун ҳақиқий тантанага айлантирди.

Беллашувдан сўнг бош мураббий Вадим Абрамов матбуот анжуманида ўйин ҳақида фикр билдирди.

“Биз ўйинни ёмон бошламадик, ҳатто илк бўлиб гол уриш имконияти ҳам бор эди. Рақибнинг стандарт вазиятларда хавфли эканини яхши билардик. Бизга бугун ғалаба жуда зарур эди — бу Самарқанд шаҳри куни, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлиши керак эди”, — деди мураббий.

Абрамовнинг таъкидлашича, ҳисоб йирик бўлса-да, ғалаба осон келмаган:
“‘Бухоро’ жисмоний жиҳатдан кучли жамоа, улар ҳимояда қаттиқ турди. Биз қанотлар орқали ҳужумни кучайтирдик, натижада чиройли гол киритдик ва ўйин очилди. Бугун терма жамоа бош мураббийи ҳам трибунада эди — шояд футболчилар кўпроқ ғайрат билан ҳаракат қилгандир.”

Мураббий айрим футболчиларнинг ўйинига ҳам тўхталди:
“Ўрозов анча вақтдан бери танаффусда эди, шу сабаб бугун ўйини унчалик чиқмади. Кейинги баҳсларда ундан яхшироқ ўйин кутиб қоламиз,” — деди Абрамов.

Фирдавс Абдураҳмонов ҳақида у шундай деди:
“Фирдавс — Самарқанд футболи маҳсулоти. Бундай ёшлар бизга жуда керак. У терма жамоада ҳам ҳаракат қиляпти — бу фахр.”

Анвар Ҳожимирзаев ҳақида гап кетганда, мураббий уни ҳимоя қилди:
“У жамоамиз учун кўп ўйинларда фидокорона ҳаракат қилган. Ҳар доим ҳам омад келавермайди, буни тўғри қабул қилиш керак.”

Марко Станоевич ҳақида эса шундай деди:
“У тажрибали футболчи, бугун ҳам гўзал гол киритди. Жамоага катта фойда бермоқда.”

Абрамов, шунингдек, жароҳатдан қайтган Улуғбек Ҳошимов ҳақида ҳам гапирди:
“Улуғбек анча вақт жароҳат сабаб майдондан узоқ бўлди. Ҳозир ҳам тўлиқ формага кирган деб бўлмайди, аммо у жамоага қайтади, шубҳа йўқ.”

Мураббийнинг сўзларига кўра, “Динамо” олти кундан кейинги навбатдаги баҳсга жиддий тайёргарлик кўради. Самарқандликлар учун бу ғалаба нафақат очколар, балки шаҳар байрамига муносиб совға бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов “Динамо” - “Бухоро” (4:1) ўйини ҳақида нималар деди?