date

“Реал”да рақобат юқори: Алонсо ёшлар ҳақида фикр билдирди

“Реал”да рақобат юқори: Алонсо ёшлар ҳақида фикр билдирди

“Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо жамоа сафида ҳозирча асосий таркибга киролмаётган ёш ҳужумчилар — Эндрик ва Гонсало Гарсиянинг тақдири ҳақида сўз юритди.

Алонсога кўра, ҳозирги пайтда бу футболчилар ҳақида очиқ муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ. Унинг айтишича, ҳар иккиси ҳам жисмонан тайёр ва исталган вақтда жамоага ёрдам бера олади. Аммо жамоадаги рақобат даражаси шунчалик юқорики, ҳатто кичик хатолар ҳам майдонга чиқиш имкониятини кечиктириши мумкин.

«Мен ҳозир бу ҳақда ўйламаяпман. Бу каби масалаларни оммавий муҳокама қилиш тўғри эмас. Улар ҳар иккиси ҳам машғулотларда яхши кўриниш кўрсатмоқда. Фақат рақобат жуда қаттиқ. Ҳар бир позицияда ўта кучли футболчилар бор», — деди Алонсо матбуот анжуманида.

Гонсало Гарсия — “Қироллик клуби” тарбияланувчиси. Ёзда у расман асосий жамоага қабул қилинганди. У шу вақтгача барча мусобақаларда олти марта майдонга тушди. Аммо жами ўйнаган вақтини ҳисобласак, атиги 101 дақиқа. Бу эса ҳали тўлиқ имконият берилмаганини кўрсатади.

Эндрик эса Бразилиядан келган ёш легионер. У 19 ёшда бўлишига қарамай, “Палмейрас” сафида катта тажриба тўплаган. Лекин “Реал”ни Алонсо бошқараётганидан бери у ҳали бирор марта майдонга тушмади. Шу билан бирга, унинг номига Европанинг йирик клублари — “Манчестер Юнайтед”, “Пари Сен-Жермен” ва “Марсель” томонидан қизиқиш билдирилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган.

Тахминларга кўра, Алонсо ёшлар билан эҳтиёткорона иш тутмоқда. Уларни жамоа тизимига босқичма-босқич қўшишни, уларни кучли рақобат муҳитида руҳан ва тактик жиҳатдан тайёрлаб олишни мақсад қилган. Сабаби, “Реал”да асосий таркибдаги ҳар бир ўрин учун камида икки тажрибали футболчи кураш олиб боради.

Бу икки ёш ҳужумчи учун бу давр синов, сабр ва ривожланиш босқичи ҳисобланади. Уларга ишонч билдирилмоқда, фақат бу ишончни амалда исботлаш учун вақт керак.

Шундай қилиб, “Реал” сафида ички рақобат нафақат ёшлар, балки барча футболчилар учун синов майдони бўлиб қолмоқда. Алонсонинг сўзларига кўра, майдонга чиқиш учун нафақат иқтидор, балки сабр ва доимий меҳнат ҳам талаб қилинади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал”да рақобат юқори: Алонсо ёшлар ҳақида фикр билдирди