date

Гвардиола Родрининг эҳтимолий ўрнибосарини аниқлади

Гвардиола Родрининг эҳтимолий ўрнибосарини аниқлади

2024 йилги “Олтин тўп” соҳиби Родри Эрнандеснинг “Манчестер Сити”даги тақдири ҳамон ноаниқлигича қолмоқда, деб ёзди fichajes.net. Ҳозирда 29 ёшли испан ярим ҳимоячи клубнинг асосий устуни ҳисобланади, аммо унинг келажаги ҳақида турли миш-мишлар тобора кучаймоқда.

Маълумотларга кўра, “Сити” раҳбарияти Родри билан 2027 йилда тугайдиган шартномани узайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ бу жараёнга “Реал Мадрид”нинг қизиқиши жиддий таъсир кўрсатиши мумкин — мадридликлар уни ўз таркибида кўриш ниятида.

Шу билан бирга, Хосеп Гвардиола эҳтимолий ўзгаришларга тайёргарлик кўрмоқда. Испаниялик мутахассиснинг режасида “Кристал Пэлас” ярим ҳимоячиси Адам Уортон бор. Fichajes нашрининг маълумотича, Гвардиола Уортонни Родрига муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Уортон техник жиҳатдан етук, позицион фикрлаш қобилияти юқори ва Гвардиола услубига мос футболчи. Аммо трансфер жараёни осон кечмаслиги мумкин. 21 ёшли инглиз футболчисига нафақат “Сити”, балки унинг ашаддий рақиби — “Манчестер Юнайтед”, шунингдек, бир неча етакчи европа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Гвардиола эса жамоа учун асосий устувор вазифа — марказда барқарорликни сақлаш эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, “Сити” Родри каби фикрлаш ва жамоа ритмини бошқара оладиган ўйинчига эҳтиёж сезмоқда.

Родрининг “Реал”га эҳтимолий кетиши ёки шартнома узайтирилиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган. Аммо футбол дунёсида бу мавзу атрофида қизғин муҳокамалар давом этмоқда — чунки “Сити”нинг ўйинида Родрининг роли ҳануз беқиёс ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола Родрининг эҳтимолий ўрнибосарини аниқлади