
Европа футболида энг кутилган баҳслардан бири — “Манчестер Сити” ва “Реал” ўртасидаги Чемпионлар лигаси учрашувига саноқли соатлар қолди. Ушбу муҳим дуэль олдидан “City Xtra” портали “шаҳарликлар”нинг эҳтимолий асосий таркибини тақдим этди.
Пеп Гвардиола шогирдлари шанба куни АПЛ доирасида “Сандерленд”ни мағлуб этиб, навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобларига ёздириб қўйишганди. “Реал” эса Ла Лигада “Сельта”га қарши кутилмаган мағлубиятга учраб, ўзи учун ноқулай вазиятга тушиб қолди. Испания гранди учун бу ўйин жиддий аҳамият касб этади — айниқса, Хаби Алонсонинг жамоадаги келажагига таъсир қилиши мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда.
Тахминий таркибга келсак, дарвоза қаторида катта эҳтимол билан Жанлужжи Доннарума туриши кутилаяпти. Ёзда жамоага келиб қўшилган итальян посбон қисқа вақт ичида Гвардиола ишончини қозониб, асосий рақамга айланди.
Ўнг қанот ҳимоясида сўнгги ўйинларда юқори фаоллик кўрсатаётган Матеуш Нунешга ишониш мақсадга мувофиқ, деб қаралмоқда. Ҳар қанча Абдуқодир Ҳусановнинг тезкорлиги ва қўпол прессинги мавжуд бўлса-да, португалиялик футболчининг спорт формаси айни пайтда яхшироқ экани қайд этилмоқда.
Марказий ҳимояда Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол дуэти энг эҳтимолли вариант сифатида қайд этилган. Чап қанотда эса Нико Ўрайли ҳаракат қилиши кутилаётган футболчилардан.
Ярим ҳимоянинг марказида Бернарду Силва ва Нико Гонсалес жуфтлиги майдонга тушиши тахмин қилинмоқда. Албатта, ажойиб мавсум ўтказаётган Фил Фоденнинг асосий таркибдаги ўрни шубҳасиз — у жамоанинг энг барқарор ва ишончли футболчиларидан бирига айланган.
Ҳужум чизиғи жуда вайронкор таркиб билан шаклланмоқда: ўнг қанотда рақиб ҳимоясига жиддий бош оғриқ туғдира оладиган Райан Шерки, чап қанотда эса тезлиги ва техник маҳорати билан мухлисларни ҳайратда қолдираётган Жереми Доку ҳаракат қилади. Марказда эса шубҳасиз, Эрлинг Холанд — жамоанинг асосий гол машинаси.
“City Xtra” тақдим этган тахминий таркиб қуйидагича:
Доннарума, Нунеш, Диаш, Гвардиол, Ўрайли, Силва, Гонсалес, Фоден, Доку, Шерки ва Холанд.
Қисқаси, тўқнашув олдидан ҳар икки жамоа аҳволи жиддий эътибор марказида. Бу ўйин футбол ишқибозлари учун ҳақиқий шоу бўлиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.