date

Арне Слот Муҳаммад Салоҳнинг ўйинини алоҳида эътироф этди

Арне Слот Муҳаммад Салоҳнинг ўйинини алоҳида эътироф этди

Англия Премьер-лигасининг 16-тури доирасида Арне Слот бошчилигидаги «Ливерпуль» ўз майдонида «Брайтон»ни қабул қилиб, ишончли 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг мерсисайдликлар бош мураббийи жамоа етакчиларидан бири, клуб афсонаси саналган Муҳаммад Салоҳ ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Нидерландиялик мутахассиснинг таъкидлашича, мисрлик вингер майдонга тушган заҳоти рақиб ҳимояси учун жиддий муаммога айланди. Унинг ҳаракатлари деярли ҳар бир хавфли ҳужумда сезилиб турди. Хусусан, Салоҳнинг илк тўхтатиши ва ҳаракати Макаллистер учун жуда қулай вазият яратиб, деярли голли пасга айланиши мумкин эди.

«У рақиб учун жуда хавфли футболчи бўлди. Биз яратган аксарият хавфли вазиятларда Муҳаммад иштирок этди. Уни майдонда кўриш мен учун катта қувонч, аммо бу ажабланарли эмас. Чунки у “Ливерпул” сафида бундай ўйинларни кўп бор намойиш қилган», — деди Арне Слот учрашувдан кейин.

Қайд этиш жоиз, Салоҳ аввалроқ «Лидс»га қарши ўйиндан кейин берган интервьюси ортидан «Интер»га қарши баҳс учун қайдномадан четда қолган эди. Бироқ бу гал у учрашувни захирада бошлади ва биринчи бўлим ўрталаридан бошлаб Жоэ Гомес ўрнига майдонга тушди. Майдонда пайдо бўлиши билан жамоа ўйинига жон киритган мисрлик юлдуз ассист билан ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

Муҳаммад Салоҳнинг бу ўйиндаги фаоллиги ва таъсирчан ҳаракатлари унинг ҳали ҳам «Ливерпул» учун қанчалик муҳим фигура эканини яна бир бор исботлади. Мухлислар эса етакчининг қайтиши жамоа учун янги ғалабалар калити бўлишига ишонч билдирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Арне Слот Муҳаммад Салоҳнинг ўйинини алоҳида эътироф этди