date

Европа грандлари Упамекано учун жиддий трансфер кураши бошлади

Европа грандлари Упамекано учун жиддий трансфер кураши бошлади

Бундеслиганинг амалдаги чемпиони “Бавария” сафида тўп сураётган франциялик марказий ҳимоячи Деотшанкюль Упамеканонинг келажаги атрофида жиддий интрига юзага келмоқда. Мюнхен клуби билан шартномаси якунланиб бораётган 27 ёшли футболчи Европанинг бир қатор етакчи жамоалари диққат марказида қолмоқда.

Маълумотларга кўра, Упамекано учун курашга Англия Премьер-лигасининг икки йирик ва нуфузли клуби — “Манчестер Сити” ва “Челси” ҳам қўшилди. Журналист Грэм Бэйлининг X ижтимоий тармоғида хабар беришича, ҳар икки клуб франциялик ҳимоячини ўз сафига қўшиб олиш борасида дастлабки қадамларни ташлаб бўлган.

Футболчига қизиқиш фақат Англия билан чекланиб қолмаган. Манбалар Упамекано “Реал Мадрид”, “Пари Сен-Жермен” ва “Ливерпуль”нинг ҳам трансфер режаларида борлигини қайд этмоқда. Бу эса унинг бозордаги қадри ва нуфузи қанчалик юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Шу билан бирга, “Бавария” раҳбарияти ҳам тажрибали ҳимоячини осонликча қўйиб юбориш ниятида эмас. Клуб мутасаддилари Упамеканони шартномани узайтиришга кўндириш устида иш олиб бормоқда ва уни жамоанинг келгуси лойиҳасида муҳим фигура сифатида кўрмоқда.

Айниқса, “Манчестер Сити” таркибида марказий ҳимоя чизиғида рақобат анча кескинлашган. Одатда айнан шу позицияда ҳаракат қилиши керак бўлган Абдуқодир Ҳусанов ҳам жой етишмаслиги сабаб ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнашга мажбур бўлмоқда. Шунга қарамасдан, Хосеп Гвардиола Transfermarkt портали томонидан 60 миллион евро деб баҳоланаётган марказий ҳимоячини эркин агент мақомида бепул қўлга киритиш имкониятини қўлдан чиқаришни истамаяпти.

Упамеканонинг қарори ёзги трансфер ойнасининг энг қизиқ мавзуларидан бирига айланиши шубҳасиз. Мухлислар эса унинг навбатдаги манзили қаер бўлишини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Европа грандлари Упамекано учун жиддий трансфер кураши бошлади