
Англия Премьер-лигасининг 16-тури доирасида “Манчестер Сити” Лондонга сафар уюштириб, “Кристал Пэлас”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Хосеп Гвардиола шогирдлари ушбу беллашувда майдон эгаларини деярли имкониятсиз қолдириб, 3:0 ҳисобида ишончли ғалаба билан ортга қайтди.
Учрашув қаҳрамони, шубҳасиз, Эрлинг Холанд бўлди. Норвегиялик тўпурар мазкур баҳсда дубль қайд этиб, чемпионат тўпурарлар пойгасидаги етакчилигини янада мустаҳкамлаб олди. Яна бир гол эса Фил Фоден ҳисобига ёзилиб, жамоанинг умумий устунлигини яққол намоён қилди.
Статистика мутахассислари Холанднинг жорий мавсумдаги самарадорлигини алоҳида эътироф этмоқда. 25 ёшли ҳужумчи мавсум бошидан буён клуб ва миллий терма жамоа сафида жами 27 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 35 марта ишғол қилди. Эътиборлиси, бу натижа ҳали мавсумнинг ярмидан кўп қисми олдинда турган бир пайтда қайд этилмоқда.
Маълумот ўрнида, Холанд “Манчестер Сити” таркибида барча мусобақаларда 22 та гол урган. Шу билан бирга, Норвегия миллий терма жамоасида ҳам у самарадорлигини сақлаб қолиб, 13 та гол муаллифига айланган.
Қисқаси, Эрлинг Холанд ҳозирги пайтда нафақат “Сити”, балки бутун Европа футболида энг хавфли ҳужумчилардан бири эканини яна бир бор исботлаб бормоқда. Мавсум эса энди қизиғидан бошланяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.