
Испания чемпионати доирасидаги «Алавес» — «Реал Мадрид» учрашувидан кейин баҳсли ҳолатлар яна футбол жамоатчилиги диққат марказига чиқди. Ушбу баҳсда «Алавес» бош мураббийи Эдуардо Коудет ўйин тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган пенальти эпизоди юзасидан ўз норозилигини яширмади.
Учрашувнинг 88-дақиқасида мадридликлар ҳужумчиси Винисиус Жуниор рақиб жарима майдонида ерга йиқилди. «Реал» футболчилари ва мухлислари пенальти белгилашни талаб қилди, аммо учрашув бош ҳаками қоидабузарлик йўқ, деган қарор чиқарди. Бу қарор «Алавес» бош мураббийини ҳайратга солди.
— Винисиус билан боғлиқ вазиятни ҳеч қандай тушунтириб бўлмайди. Агар у ҳақиқатан ҳам уриб йиқитилган бўлса — пенальти берилиши керак эди. Агар симуляция қилган бўлса — иккинчи сариқ карточка билан майдондан четлатилиши лозим эди. Аммо натижада ҳеч бири бўлмади. Бу қарорни қабул қилиш жуда қийин, — дея фикр билдирди Коудет учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.
Беллашувнинг ўзида эса «Реал Мадрид» устунлик қилди. 24-дақиқада Килиан Мбаппе ҳисобни очган бўлса, 76-дақиқада Родриго иккинчи голни киритиб, жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлади. «Алавес» сафида Карлос Висенте 68-дақиқада гол уриб, интригани тиклашга уринди, аммо бу етарли бўлмади.
Шу тариқа, «Реал» сафардан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди, аммо учрашувдан кейин асосий муҳокама майдондаги ўйин эмас, балки Винисиус иштирокидаги баҳсли эпизод бўлиб қолди. Бу ҳолат Ла Лигада ҳакамлик масалалари яна бир бор кескин баҳсларга сабаб бўлишини кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.