date

Аморим «Борнмут»га қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди

Аморим «Борнмут»га қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди

АПЛнинг 16-тури доирасида «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Борнмут» билан жуда драматик ва голларга бой учрашув ўтказди. 4:4 ҳисобида якунланган беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Рубен Аморим ўйин натижаси ва жамоанинг ҳаракатлари ҳақида очиқ фикр билдирди.

Португалиялик мутахассис, аввало, бундай ҳисобни қониқарли деб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жамоа ғалабани қўлдан чиқарганидан қаттиқ хафа.

— Бу, албатта, қониқарсиз натижа. Биз жуда ранжидик. Учрашув томошабоп бўлди, аммо бундай ўйинларда ғалаба қозониш шарт. Кўпчилик иккинчи таймда икки очкони йўқотдик, деб ўйлаши мумкин, лекин менимча, биз уларни биринчи бўлимдаёқ бой бердик, — деди Аморим.

Бош мураббийнинг фикрича, «Манчестер Юнайтед» учрашув давомида ўйинни назорат қилди ва рақиб дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятлар яратди. Аммо улардан самарали фойдаланилмади.

— Биз биринчи таймда танаффусга бутунлай бошқа ҳисоб билан чиқишимиз мумкин эди. Якунда жамоа кўпроқ натижага лойиқ эди. Телевизор орқали кузатган мухлислар учун ўйин, албатта, жуда қизиқарли бўлди, — дея қўшимча қилди у.

Аморим «Олд Траффорд»га йиғилган мухлислар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мухлислар фақат ғалабани эмас, балки майдонда чиройли ва ҳужумкор футболни ҳам кўришни исташади.

— Мухлислар ғалаба кутишади, бу табиий. Лекин улар жамоанинг мазмунли, ёқимли футбол ўйнаётганини кўриб ҳам завқ олишни хоҳлайди. Айрим дақиқаларда биз бунга эришдик, — деди мураббий.

Шу билан бирга, у жамоадаги асосий муаммолардан бири самарадорлик эканини яширмади. Яратилган имкониятлар сони кўп, аммо натижа шуни акс эттирмади.

— Ўйин ёмон ўтмади, лекин самарадорликни оширишимиз шарт. Биз жуда кўп голли вазиятлар яратяпмиз, аммо уларни амалга оширишда муаммо бор, — деди Аморим.

Мутахассис дарвозабон Ламменснинг ҳаракатларини ҳам алоҳида қайд этди ва бу каби ўйинлар жамоа қурилишидаги табиий жараён эканини таъкидлади.

— Бу натижа — жараённинг бир қисми. Биз қўлимиздан келганича тўғри иш қилишга ҳаракат қиляпмиз. Айрим пайтларда бу ҳали етарли эмас, аммо йўлимиздан қайтмаймиз, — дея хулоса қилди «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи.

Қисқаси, голлар, эҳтирос ва драматик бурилишларга бой учрашув мухлисларга завқ улашди. Энди эса «қизил иблислар» учун асосий вазифа — чиройли ўйинни барқарор натижага айлантириш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Аморим «Борнмут»га қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди