
“Манчестер Юнайтед” сардори Бруну Фернандеш жамоани тарк этиш имконияти ҳақида очиқ фикр билдирди. Португалиялик ярим ҳимоячи айтишича, фаолияти давомида у клубдан кетиши учун икки марта аниқ таклиф олган, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам “қизил иблислар” раҳбарияти уни жамоада сақлаб қолишга қарор қилган.
— Бу клубга илк бор келганимда, барчаси менга маъқул эди. “Юнайтед”ни чин дилдан яхши кўраман ва энг оғир даврларда ҳам садоқатимни исботлашга ҳаракат қилдим. Ростини айтсам, кетиш учун икки бор имконият бўлган. Лекин клубдагилар: “Сен ҳали бизга жуда кераксан”, деб қолишимни сўрашди. Мен эса уларга: “Сизлар мендан нимани кутаётган бўлсангиз, шуни тўлиқ қайтараман”, дедим, — деди Фернандеш.
Бруну таъкидлашича, у “Юнайтед”га келганда ягона мақсад — совринлар ютиш бўлган. Гарчи натижалар айрим мухлислар кутган даражада бўлмаган бўлса-да, футболчи ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилади.
— Балки биз камроқ соврин ютиб олгандирмиз, балки кўпроқ ғалабаларга эришишимиз керак эди. Лекин мен бу жамоа учун бор кучимни беряпман. Шу билан бирга, бошқа футболчиларнинг меҳнатини ҳам камситиш ниятим йўқ. Ҳаммамиз бир мақсад йўлида ҳаракат қиляпмиз, — дея қўшимча қилди у.
Ярим ҳимоячи нега ҳали ҳам “Олд Траффорд”да қолганини ҳам очиқ айтди. Унинг сўзларига кўра, асосий омил — келажакда совринлар ютишига бўлган ишонч.
— Мен айнан шу ишонч туфайли қоляпман. Агар клуб раҳбарияти: “Сен бизга керак эмассан”, деб айтганда ёки мақсадларимизда совринлар бўлмаганида, кетган бўлардим. Аммо мен “Манчестер Юнайтед”нинг аввалги буюк даражасига қайтишини истайман. Шу орзу билан келгандим ва шу йўлда ёрдам беришни хоҳлайман, — деди Бруну Фернандеш.
Мухлислар фикрича, бундай баёнотлар жамоа сардорининг нафақат майдонда, балки руҳий жиҳатдан ҳам “Юнайтед” учун қанчалик муҳим эканини яна бир бор исботлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.