
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигасининг 17-тури доирасида «Вест Хэм»га қарши бўладиган учрашув арафасида рақиб жамоа ҳақида ўз муносабатини билдирди. Айни дамда лондонликлар турнир жадвалида 18-поғонада жойлашган бўлса-да, испаниялик мутахассис уларни ҳеч қачон осон рақиб сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидлади.
Гвардиоланинг сўзларига кўра, «Вест Хэм» ҳозирча барқарор натижалар кўрсата олмаётгандек туюлиши мумкин, аммо айрим ўйинлар жамоанинг салоҳияти юқори эканини яққол намоён этган. Хусусан, лондонликлар сафарда Манчестер Юнайтед ва Брайтон билан дуранг ўйнаган, "Астон Вилла"га қарши баҳсда эса фақат учрашув охирида мағлуб бўлган.
Мутахассис рақиб таркибида юқори даражадаги футболчилар етарли эканини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, ўтмишдаги ўйинлар — яхши ёки омадсиз бўлишидан қатъи назар — ортда қолган, ҳозир эса барча эътибор навбатдаги учрашувга қаратилган.
— Биз ўйинга тўлиқ тайёрмиз. Илгари нима бўлгани муҳим эмас, ҳар бир баҳс янги тарих. «Вест Хэм»ни жиддий қабул қиламиз ва майдонда максимал даражада ҳаракат қиламиз, — дея таъкидлади Хосеп Гвардиола.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» ва «Вест Хэм» ўртасидаги ушбу қизиқарли тўқнашув бугун, 20 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади. Мухлисларни кескин кураш ва интригага бой ўйин кутмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.