date

Рейндерс «Этиҳад»да илк голини урди, «Сити» етакчига айланди

Рейндерс «Этиҳад»да илк голини урди, «Сити» етакчига айланди

Англия Премьер-лигасининг 17-турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Вест Ҳэм»ни ишончли 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу учрашув «шаҳарликлар» яримҳимоячиси Тижани Рейндерс учун алоҳида аҳамият касб этди.

Нидерландиялик футболчи «Этиҳад» стадионидаги фаолиятидаги илк голини айнан шу беллашувда нишонлади. Учрашув бошида Эрлинг Холанд тезкор равишда ҳисобни очган бўлса, биринчи бўлим якунига яқин Рейндерс рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасининг устунлигини 2:0 га етказди.

Қайд этиш жоиз, Рейндерс жорий мавсумда бу пайтгача фақат сафар ўйинларида гол уриб келаётган эди. Шу боис «Этиҳад»да урилган илк тўп у учун нафақат статистик, балки руҳий жиҳатдан ҳам муҳим бўлди.

Иккинчи бўлимда эса Холанд яна бир бор ўз сўзини айтди. Норвегиялик ҳужумчи дубль расмийлаштириб, «Манчестер Сити»нинг йирик ва ишончли ғалабасини таъминлади. Ушбу натижадан сўнг Гвардиола шогирдлари турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди.

Беллашувдан кейин Рейндерс ўз ҳис-туйғуларини яширмади:

— «Ниҳоят “Этиҳад”да гол уриш насиб этди. Буни анча вақт кутгандим. Ғалаба ва жамоамизнинг ўсиши қувонарли. Биз шу суръатни сақлаб қолишимиз керак», — деди у.

Маълумот ўрнида, 27 ёшли яримҳимоячи жорий мавсум «Манчестер Сити» сафида барча мусобақларда 24 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 6 та голли узатма муаллифига айланган. Рейндерснинг барқарор ўйини жамоанинг чемпионлик курашида муҳим омиллардан бири бўлиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Рейндерс «Этиҳад»да илк голини урди, «Сити» етакчига айланди