
Англия Премьер-лигаси доирасида «Эвертон» майдонида қўлга киритилган минимал ғалабадан сўнг Микел Артета ўйин ҳақида батафсил фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, "Арсенал" учун бу сафар осон кечмаган, чунки "Эвертон" ўз уйида ҳар доим жиддий қаршилик кўрсатади.
Мутахассис аввало натижадан қониқишини яширмади. Унинг сўзларига кўра, бу майдонда ўйнаш жуда қийин, чунки рақиб жамоа жисмоний ва тактик жиҳатдан яхши шаклланган. Шу билан бирга, Артета «Эвертон»нинг янги қурилган стадионига алоҳида тўхталиб, унинг меъморий кўриниши ва муҳити катта таассурот қолдирганини таъкидлади. У маҳаллий мухлисларни замонавий ва жозибали ўйингоҳ билан табриклади.
Ўйин жараёнига тўхталар экан, Артета биринчи бўлимда «Арсенал»нинг айрим дақиқаларда тўлиқ устунлик қилганини, аммо хавфли вазиятлар етарлича кўп яратилмаганини қайд этди. Иккинчи таймда эса лондонликларда камида учта аниқ голли имконият бўлган. Унинг фикрича, Премьер-лигада учрашувни хотиржам якунлаш учун бундай имкониятлардан албатта фойдаланиш шарт.
Шунингдек, мураббий чемпионлик пойгаси ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарди. Артета жамоа ҳозирча "Манчестер Сити" натижаларига қараб ўтирмаганини, асосий эътибор фақат ўз ўйини ва барқарор натижаларга қаратилганини билдирди. У олдинда ҳали кўп ўйинлар борлигини, лига жуда мураккаб эканини яхши англашларини таъкидлади.
«Ҳозир биз ҳар бир кундан завқ олишимиз, бор кучимизни ишга солишимиз керак. Кейин эса бу йўл бизларни қаерга олиб боришини вақт кўрсатади», — дея хулоса қилди Артета Sky Sports'га берган интервьюсида.
Қисқаси, «Арсенал» қийин сафардан муҳим уч очко билан қайтди, Артета эса бу ғалабани мавсум давомидаги катта курашнинг навбатдаги муҳим қадами сифатида баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.