
Хосеп Гвардиола ўтган мавсумда юзага келган мураккаб даврни жамоада босқичма-босқич авлодлар алмашинувини амалга ошириш орқали енгиб ўта олди. Айни пайтда унинг қўли остидаги футболчиларнинг аксарияти ёш, бақувват, тезкор ва юқори жисмоний ҳолатга эга ижрочилардан иборат. Бу эса «Манчестер Сити»га яна юқори мақсадлар қўйиш имконини беряпти.
2025 йил якунига, яъни Европа футболи мавсумининг ўрталарига келиб, «шаҳарликлар» иштирок этаётган барча мусобақалар — Англия Премьер-лигаси, Англия Кубоги, Англия Лигаси Кубоги ҳамда Европа Чемпионлар лигасида бош соврин учун реал кураш олиб бориш даражасига чиқди. Жамоа яна ўз услубини топган, ўйинида ишонч ва барқарорлик сезилмоқда.
Айни вақтда «Манчестер Сити» ҳужумкор ва фаол футбол намойиш этяпти. Премьер-лиганинг сўнгги турида Гвардиола шогирдлари ўз майдонида «Вест Хэм»ни қабул қилиб, рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол урди. Бу ғалаба манчестерликларга турнир пешқадами «Арсенал» билан очколар орасидаги фарқни икки очкогача қисқартириш имконини берди.
Шунга қарамасдан, Хосеп Гвардиола жамоа ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ. Испаниялик мутахассис шогирдларидан ҳар бир учрашувда янада яхшироқ ўйин талаб қиляпти. Шу сабабли у футболчилар сўраган қўшимча дам олиш кунини рад этди ва тайёргарлик жараёнини янада қатъий назорат остига олди.
«Ўйинчилар қўшимча дам олиш кунини сўрашди. Мен эса уларга очиқ айтдим: “Йўқ, чунки сиз ҳали етарлича яхши ўйнамадингиз”. Шунинг учун якшанба куни тикланиш машғулоти ўтказдик, майдонга тушмаган ўйинчилар эса тўлиқ машғулот қилди», — деди Гвардиола.
Мутахассис, шунингдек, уч кунлик ҳордиқдан кейин футболчиларнинг жисмоний ҳолатини шахсан ўзи текширишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 25 декабрь куни жамоа базасига қайтган ҳар бир ўйинчи вазн ўлчашдан ўтади.
«Мен улар қай ҳолатда қайтишини кўрмоқчиман. Агар кимдир уч кун ичида бир неча килограмм ортиқча вазн билан келса, у “Ноттингем Форест”га қарши ўйинга бормайди. Бу жуда оддий қоида», — дея қатъий позициясини билдирди Гвардиола.
Айни пайтда Гвардиола ёш футболчиларга ҳам ишонч билдиряпти. Хусусан, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов сўнгги пайтларда яна майдонга туширила бошлади. «Вест Хэм»га қарши баҳсда 21 ёшли футболчи 67-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, учрашувни охиригача ўтказди.
Умумий ҳисобда, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум Англия Премьер-лигаси, Англия Лигаси Кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами тўққизта учрашувда иштирок этди. Бу эса мураббийнинг унга бўлган ишончи аста-секин ортиб бораётганидан далолат беради.
Маълумот учун, Англия чемпионатининг 18-туридан ўрин олган «Ноттингем Форест» — «Манчестер Сити» учрашуви 27 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 17:30 да старт олади. Ушбу беллашув ҳар икки жамоа учун 2025 йилдаги сўнгги расмий учрашув бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.