
Фарғонанинг "Нефтчи" клуби янги мавсум олдидан таркибни мустаҳкамлаш ишларини давом эттириб, бразилиялик тажрибали яримҳимоячи Ратинио билан келишувга эришганини расман маълум қилди. Томонлар ўртасида икки йилга мўлжалланган шартнома имзоланди.
29 ёшли легионер Фарғона жамоаси сафида марказий чизиқни кучайтириши, ўйин суръатини ошириши ва ҳужумда фаоллик қўшиши кутилмоқда. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби унинг тажрибаси ҳамда универсал ўйин услуби жамоа учун муҳим бўлишига ишонч билдирмоқда.
Маълумот ўрнида, футболчининг тўлиқ исми — Журани Франсиско Ферейра. У 1996 йил 1 октябрда Бразилиянинг Кавалканте шаҳрида туғилган. Профессионал фаолиятини 2017 йилда «Арапонгас» клубида бошлаган Ратинио кейинчалик «Итаберал», «Итабаиана», «Гояс» жамоаларида тўп сурган.
2019–2020 йилларда у Жанубий Кореянинг «Гуанжоу» клубида ўйнаган бўлса, 2021 йилдан кейин яна Бразилияда фаолиятини давом эттириб, «Пайсанду», «Лондрина», «Ботафого-ПБ», «Ретро» ва «Магуар» жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 2024 йилдан эса у Самарқанднинг "Динамо" клуби сафида майдонга тушган.
Ратинио Ўзбекистон Суперлигаси ва мамлакат Кубоги доирасида жами 22 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол урган ва 3 та самарали узатма амалга оширган. Энди у «Нефтчи» билан янги саҳифа очиб, жамоа олдига қўйилган юқори мақсадлар сари ҳисса қўшиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.