
Германия терма жамоасининг собиқ яримҳимоячиси, жаҳон футболида катта тажрибага эга Тони Кроос 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Унга кўра, навбатдаги мундиалда ғалаба учун асосий даъвогарлар сифатида бир нечта жамоа алоҳида ажралиб турибди.
Кроос Испания, Португалия, Франция ва Марокаш терма жамоаларини бўлажак чемпионатнинг энг кучли фаворитлари деб атади. Ушбу жамоалар охирги йилларда барқарор ўйини, кучли таркиби ва халқаро тажрибаси билан ажралиб турганини таъкидлади.
Шу билан бирга, собиқ юлдуз футболчи Германия терма жамоаси ҳақида ҳам ўз фикрини яширмади. Унинг сўзларига кўра, немислар жамоасини ҳозирча чемпионлик учун асосий даъвогарлар сафида кўриш қийин. Бироқ у Германия термаси камида чорак финал, эҳтимол ярим финалгача етиб боришига ишонишини билдирди.
Эслатиб ўтиш жоиз, аввалроқ суперкомпьютер таҳлиллари ҳам эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, 2026 йилги жаҳон чемпионатида Испаниянинг чемпион бўлиш эҳтимоли 17 фоизга баҳоланган. Франция эса ушбу рейтингда иккинчи ўриндан жой олган.
Маълумот учун, навбатдаги жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Мухлисларни эса олдинда узоқ, курашларга бой ва кутилмаган сюрпризларга тўла футбол байрами кутиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.